Энди Бёрнем Буюк Британиянинг янги ҳукумат таркибини эълон қилди

Июль 21, 2026. 14:00 • 2 дақ

173
Энди Бёрнем Буюк Британиянинг янги ҳукумат таркибини эълон қилди

ЛОНДОН, 21 июль. /“Дунё” АА/. Буюк Британиянинг янги Бош вазири Энди Бёрнем ҳукуматнинг янгиланган таркибини эълон қилди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.

“Deutsche Welle”нинг хабар беришича, вазирлар маҳкамасининг янги таркиби қирол Карл III томонидан тасдиқланган.

Янги тайинловларга мувофиқ, молия вазири (ғазначилик канцлери) лавозимига собиқ мудофаа вазири Жон Хили тайинланди. У жорий йил июнь ойида мудофаа соҳасига ажратилаётган маблағлар етарли эмаслигини танқид қилиб, ўз лавозимини тарк этган эди.

Ташқи ишлар вазири этиб Эд Милибэнд тайинланди. У аввалги ҳукуматда энергетика хавфсизлиги ва углерод нейтраллиги масалалари бўйича вазир сифатида фаолият юритган.

Мудофаа вазири лавозимига эса Уэс Стритинг тайинланди. У бунга қадар соғлиқни сақлаш ва ижтимоий парвариш вазири бўлиб ишлаган ҳамда ушбу вазифани 2024 йил июлидан 2026 йил майигача бажарган.

Шабана Маҳмуд эса ички ишлар вазири сифатида ўз фаолиятини давом эттиради. 1980 йилда туғилган Шабана Маҳмуд покистонлик оилада вояга етган. У 2010 йилги умумий сайловларда Бирмингем Ледивуд округидан Британия парламенти Қуйи палатасига сайланган. Шу тариқа у Рошанара Али ва Ясмин Қуреши билан бирга мамлакат парламентига сайланган илк мусулмон аёл депутатлар сафидан жой олган.

Шунингдек, Алекс Норрис адлия вазири, Иветт Купер соғлиқни сақлаш вазири, Пэт Макфадден меҳнат ва пенсиялар вазири, Жонатан Рейнольдс бизнес, инновациялар, фан ва савдо вазири, Люси Пауэлл эса таълим вазири этиб тайинланди.

Хейди Александр транспорт вазири лавозимини сақлаб қолди. Миатта Фанбулле энергетика ва углерод нейтраллиги вазири, Анжела Игл атроф-муҳит, озиқ-овқат ва қишлоқ хўжалиги вазири, Анжела Рейнер эса уй-жой қурилиши ва маҳаллий бошқарув вазири этиб тайинланди.

Янги Бош вазир ҳукуматнинг асосий устувор вазифалари сифатида мамлакатни қайта индустриялаштириш, иқтисодий ўсиш суръатларини жадаллаштириш ҳамда миллий хавфсизликни мустаҳкамлашни қайд этди.

Энди Бёрнем 20 июль куни Бош вазир лавозимига киришди. У Лейбористлар партияси раҳбари этиб сайланганидан сўнг, партия ичидаги босимлар ортидан истеъфога чиққан Кир Стармер ўрнини эгаллади.

Default Avatar

Материал муаллифи

Ҳасан Мўминов

muminov@dunyo.uz

Telegram каналига обуна бўлинг

Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!

Каналга ўтиш