Logo

Ўзбекистон банк-молия соҳаси мутахассислари учун Малайзияда ислом молияси бўйича семинар-тренинг ташкил этилди

Июль 16, 2025. 12:25 • 2 дақ

51
Ўзбекистон банк-молия соҳаси мутахассислари учун Малайзияда ислом молияси бўйича семинар-тренинг ташкил этилди

КУАЛА-ЛУМПУР, 16 июль. /"Дунё" АА/. Ўзбекистоннинг банк-молия соҳаси мутахассисларидан иборат юртимиз делегацияси ислом молияси бўйича тажрибасини ўрганиш учун Малайзияга борди, деб хабар қилмоқда "Дунё" АА мухбири.

Ташриф доирасида Ўзбекистон делегацияси учун Ислом молияси экотизимини тартибга солиш ва ривожлантириш мавзусида 14-18 июль кунлари семинар-тренинг ташкил этилди. Тренинглар Малайзиянинг ихтисослашган Ислом молияси таълими бўйича халқаро марказ – INCEIF университетнинг Халқаро шариат тадқиқотлари академияси ISRA институти томонидан ўтказилмоқда.

INCEIF университети ва ISRA институти раҳбарияти, мамлакатимиз элчихона ва делегацияси вакиллари иштирокида семинар-тренингнинг очилиш маросими бўлиб ўтди.

INCEIF университети президенти ва бош ижрочи директори Мохд Азми Умар ўз нутқида Малайзия бугунги кунда глобал ислом молиясининг етакчи маркази сифатида эътироф этилишини, мамлакат ислом молияси экотизимини ривожлантириш учун мустаҳкам ҳуқуқий база, илғор таълим ва тадқиқот муассасалари орқали катта муваффақиятларга эришганини таъкидлади.

Ўзбекистон элчиси Каромиддин Гадоев иштирокчиларга Малайзия ислом молияси бўйича мустаҳкам ва ривожланган қонунчиликка эгалигини, Ўзбекистон бу тажрибани ўрганиш ва ўз қонунчилигига энг мақбул тамойилларни жорий этиш манфаатли бўлишини билдирди.

Ўқув-семинар давомида юртимиз мутахассислари Малайзияда ислом молиясининг ҳуқуқий асослари, уни тартибга солишнинг илғор тажрибалари ва муаммолари, соҳада самарали сиёсатни ишлаб чиқиш ва амалга ошириш механизмлари, Ўзбекистонда ислом молияси тизимини ривожлантириш стратегияларини таҳлил қилиш, тартибга солувчи органлар, молия муассасалари ва шаръият кенгашлари билан ҳамкорликда ишлаш бўйича таълим олади.

Шунингдек, мамлакатимиз вакиллари амалий кўникмаларни ҳосил қилиш учун Малайзия Марказий банки, Солиқ агентлиги, "Malayan Banking Berhad" банки фаолияти билан танишишлари кўзда тутилган.

1983 йилда Малайзияда ислом молияси учун энг муҳим ходиса – Ислом банкчилиги тўғрисидаги қонун ва 1984 йилда ислом суғуртаси – Такафул қонуни қабул қилинган. 1993 йилда Малайзия Марказий банки анъанавий банкларга исломий "дарчалар" очишга рухсат бериши ортидан ислом банк хизматларининг мамлакат бўйлаб кенг тарқалишига имкон яратилган.

2025 йил ҳолатига кўра, Малайзиядаги ислом банкчилиги активлари тахминан 260 миллиард АҚШ долларига етган ва мамлакат банк тизимидаги жами кредитларнинг 42 фоизини ташкил этган.

Telegram каналига обуна бўлинг

Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!

Каналга ўтиш