Logo

Султон Раев: Ўзбекистон туркий дунёнинг локомотиви

Июль 03, 2025. 10:52 • 2 дақ

74
Султон Раев: Ўзбекистон туркий дунёнинг локомотиви

АНҚАРА, 3 июль. /"Дунё" АА/. Ўзбекистон элчиси Илҳом Ҳайдаров Халқаро туркий маданият ташкилоти – ТУРКСОЙ бош котиби Султон Раев билан учрашди, деб хабар бермоқда "Дунё" АА мухбири.

Учрашувда, шунингдек, ТУРКСОЙ бош котиби ўринбосари Сайит Юсуф, Ўзбекистоннинг мазкур тузилмадаги вакили Шавкат Ортиқов иштирок этдилар.

Бош котиб Султон Раев Ўзбекистоннинг туркий дунё маданий мероси ва тарихида тутган ўрни беқиёс эканини эътироф этиш баробарида, сўнгги йилларда Президент Шавкат Мирзиёев бошчилигида олиб борилаётган очиқ ва фаол ташқи сиёсат туфайли мамлакатнинг ТУРКСОЙ доирасидаги ҳамкорлик алоқалари янги босқичга кўтарилганини таъкидлади.

"2023 йилда Ўзбекистоннинг Халқаро туркий маданият ташкилотига тўлақонли аъзо бўлиши ушбу ташкилотнинг нуфузини янада ортишига ва тўла-тўкис ўз фаолиятини олиб боришга ўз ҳиссасини қўшмоқда. Ўзбекистон туркий дунёнинг "локомотив" давлатларидан бири бўлиб, маданий, тарихий ва маънавий шаҳарларга бой бўлган мамлакат ва дунёда алоҳида ўрнига эга", деди бош котиб.

Ўзбекистон Президентининг 2025 йил 21 май куни Будапешт шаҳрида бўлиб ўтган Туркий давлатлар ташкилотининг норасмий саммитида ушбу тузилманинг нуфузини янада ошириш учун унинг фаолиятини замон талабларига мос равишда такомиллаштириш бўйича таклифларининг аҳамияти алоҳида таъкидланди.

Ўзбекистонда ТУРКСОЙ билан биргаликда турли фестиваллар, кўргазмалар, ижодий форумлар ўтказиш анъанага айлангани қайд этилди. Жумладан, жорий йилнинг 23 июнь куни Халқаро туркий маданият ташкилоти бош котиби Тошкентга ташрифи доирасида Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси марказида Илмий кенгашнинг навбатдаги йиғилишида иштирок этди. Йиғилиш доирасида ТУРКСОЙ ва Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази ўртасида ҳамкорлик меморандуми имзоланди.

Ўзбекистон ва Халқаро туркий маданият ташкилоти томонидан ўтказиб келинаётган йирик анжуманлар маданият ва санъат соҳасини қўллаб-қувватлаш ҳамда ривожлантириш билан бир қаторда, туркий халқлар ўртасидаги қардошлик ришталарини янада мустаҳкамлашга хизмат қилаётгани қайд этилди.

 Бундан ташқари туркий дунё ёшлари ўртасидаги алоқаларни мустаҳкамлаш муҳимлиги таъкидланди. Шу боис ТУРКСОЙ томонидан 2026 йилда ташкил этиладиган "Туркий давлатлар ёшлари куни"ни Ўзбекистонда ўтказиш таклиф этилди.

Шунингдек, томонлар ТУРКСОЙ ва Ўзбекистоннинг тегишли ташкилотлар билан ҳамкорликда ўзбек миллий маданиятини янада фаол тарғиб қилиш мақсадида жорий йилнинг иккинчи яримида ҳамда 2026 йилда биргаликда турли тадбирларни ташкил этиш, илмий-маърифий ишларни кучайтириш бўйича таклифини қўллаб-қувватладилар.

Telegram каналига обуна бўлинг

Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!

Каналга ўтиш