Logo

Сурабая шаҳрида Ўзбекистон-Индонезия стратегик ҳамкорлигини янада ривожлантириш истиқболлари муҳокама қилинди

Октябрь 20, 2025. 12:35 • 3 дақ

30
Сурабая шаҳрида Ўзбекистон-Индонезия стратегик ҳамкорлигини янада ривожлантириш истиқболлари муҳокама қилинди

СУРАБАЯ, 20 октябрь. /"Дунё" АА/. Индонезиянинг Сунан Ампел номидаги давлат ислом университетида "Сиёсий лаборатория: Ўзбекистон - Индонезия стратегик ҳамкорлиги" мавзусида халқаро семинар бўлиб ўтди, деб хабар қилмоқда "Дунё" АА мухбири.

Сурабая шаҳрида бўлиб ўтган тадбир Индонезия Ташқи ишлар вазирлиги ва Шарқий Ява провинцияси маъмурияти билан ҳамкорликда ташкил этилди.

Анжуманда Ташқи ишлар вазирлиги Жанубий ва Марказий Осиё департаменти етакчи дипломатлари, Сурабаяда жойлашган "ақл марказлари" ва илмий-тадқиқот институтлари мутахассислари, Шарқий Ява провинцияси маъмурияти масъул ходимлари ва бошқалар иштирок этди.

Семинар Ўзбекистон ва Индонезия ўртасидаги муносабатлар ҳолатини таҳлил этиш, сиёсий мулоқотни мустаҳкамлаш бўйича чора-тадбирлар мажмуини белгилаб олиш, савдо-иқтисодий ва маданий-гуманитар ҳамкорлик истиқболлари юзасидан фикр алмашиш Самарқанд вилояти ва Шарқий Ява провинцияси ўртасида ҳудудлараро ҳамкорликни йўлга қўйиш мақсадида ташкил этилди.      

Анжуманни Индонезия ташқи ишлар вазири ўринбосари Абдул Қодир Жайлани очиб берди. Дипломат Ўзбекистон-Индонезия муносабатларининг бугунги ҳолати ҳақида сўз юритиб, алоқаларни янги поғонага олиб чиқиш учун етарлича имконият ва ҳар икки томонда интилиш борлигини таъкидлади. 

"Марказий Осиё минтақаси, жумладан Ўзбекистон Индонезия ташқи сиёсатида устувор ўрин эгаллайди, – деб ТИВ раҳбари ўринбосари. – Индонезия биринчилар қаторида Ўзбекистон мустақиллигини тан олган ва республика пойтахтида ўз элчихонасини очган давлатдир. Дипломатик алоқалар 1992 йилда ўрнатилган бўлсада, Ўзбекистон билан алоқалар чуқур тарихга бориб тақалади. Буюк ипак йўли чорраҳаларида жойлашган ушбу давлатни ислом цивилизацияси ривожига улкан ҳисса қўшган диёр сифатида эътироф этамиз. Ўзбекистон Индонезиянинг Марказий Осиёдаги яқин ҳамкори ва ишончли шеригидир.

Сунан Ампел номидаги давлат ислом университети ректори профессор Аҳмад Музакки ўз маърузасида Ўзбекистоннинг ислом оламида эгаллаган ўрни, Мовароуннаҳр уламоларининг Индонезия оролларида исломни тарғиб этиш йўлидаги хизмати ҳақида сўз юритиб, таълим соҳасидаги алоқаларни яна кенгайтириш зарурлигини қайд этди.

"Ўзбекистоннинг ислом оламида эгаллаган мавқеи хусусида сўз борганда, энг аввало бу заминдан етишиб чиққан Имом Мотурудий, Имом Бухорий ва Имом Термизийлар каби буюк мутафаккир олимларнинг сиймолари кўз олдимизга келади. Биз учун Ўзбекистон Имом Бухорий юрти. Қадимдан зиё ва илм маркази бўлган Бухоро ва бетакрор Самарқандни ҳар бир индонезиялик ҳурмат билан тилга олади. Шунингдек, университетимиз Ўзбекистондаги турдош олий ўқув юртлари ва маданий-маърифий марказлар билан алоқа ўрнатишдан ва қўшма дастурларни амалга оширишдан манфаатдор", деди ректор.    

Шарқий Ява провинцияси маъмурияти қошидаги Инвестициялар ва савдо маркази директори Диях Эрмавати ушбу минтақа ва Самарқанд вилояти ўртасида ҳамкорлик алоқаларини ўрнатиш истиқболлари ҳақида маъруза қилди.

"Шарқий Ява провинцияси маъмурияти Самарқанд вилояти билан ҳамкорлик алоқаларини ўрнатишдан манфаатдор. Ушбу ҳудуднинг иқтисодий ва экспорт имкониятлари, сайёҳлик жозибадорлиги ва маданий-маърифий салоҳиятидан хабардормиз. Савдо, туризм, маданият ва таълим соҳаларида яқиндан алоқа қилишга барча шароитлар мавжуд. Самарқанд вилояти ва Шарқий Ява провинцияси ўртасида англашув меморандумини имзолаш масаласи юзасидан тегишли чоралар кўрилмоқда", деди Диях Эрмавати.

Семинар доирасида, шунингдек, Ўзбекистоннинг инвестициявий салоҳияти ва сайёҳлик жозибадорлигига бағишланган тақдимот ўтказилди, мавзуга оид видеофильмлар намойиш этилди.

Telegram каналига обуна бўлинг

Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!

Каналга ўтиш