Президент мактаби ўқувчилари Италияда ихтисослаштирилган курсни муваффақиятли тамомлади
Январ 26, 2026. 12:35 • 2 дақ
• 710
РИМ, 28 январь. /“Дунё” АА/. Ўзбекистон Президент мактабларининг 10-11 синфларида таҳсил олувчи 14 нафар ўқувчи жорий йилнинг 19-23 январь кунлари Рим шаҳридаги Италиянинг нуфузли Италия халқаро ташкилотлар ҳамжамияти (SIOI - Società Italiana per l'Organizzazione Internazionale) қароргоҳида ташкил этилган махсус дипломатик курсда иштирок этди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.
Ушбу лойиҳани амалга ошириш бўйича келишув 2025 йил
12-15 март кунлари Мактабгача ва мактаб таълими вазири Хилола Умарованинг Италияга амалий ташрифи чоғида эришилган бўлиб, курс Вазирлик ва мазкур ташкилот ўртасида имзоланган Англашув меморандуми доирасида ва Римдаги Элчихона кўмагида ташкил этилди.
“Глобал келажак учун ёш оқиллар” номли ўқув-таништирув курслари давомида Италиянинг хорижий давлатлардаги собиқ элчилари, тажрибали профессорлари ва мутахассислари томонидан ҳозирги кундаги долзарб мавзуларда маърузалар ўқилди, жумладан халқаро муносабатлар тарихи ва ҳозирги ҳолати, дипломатия, замонавий технологиялар ва глобализация соҳаларига тегишли фойдали билим ва кўникмаларга эга бўлдилар.
Курс якунида махсус сертификатларни топшириш маросими бўлиб ўтди. Тадбирда SIOI президенти, Италиянинг Хитойдаги собиқ элчиси Риккардо Сесса иштирок этиб, ўқувчиларни дастурни муваффақиятли якунлагани билан табриклади.
У нутқида ўзбекистонлик ўқувчи ёшлар учун ўз ташкилотида мазкур таништирув курслари ташкил этилганидан ва улар билан кўришишдан жуда мамнунлигини билдирди. Бундан ташқари, Ўзбекистон Президенти томонидан ёшларнинг таълими учун берилаётган катта эътибор, яратилаётган шароитлар, ушбу йўналишда Италия ва Ўзбекистон ўртасида мустаҳкам ҳамкорлик алоқалари йил сайин ривожланиб бораётгани эътироф этди.
SIOI 1944 йилнинг 4 октябрида Римда ташкил топган халқаро муносабатлар ва ҳамкорликни тадқиқ қилиш ва таҳлил қилиш, шунингдек, университет талабалари, битирувчилари, халқаро менежерлар ва дипломатлар учун малака ошириш курсларини ташкил қилувчи хусусий нотижорат уюшмаси бўлиб, Италиянинг энг машҳур институтларидан бири ҳисобланади.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Барчаси