Logo

ЖИДУ ва Глазго университети ўртасида қўшма магистратура дастури ташкил этилади

Март 16, 2026. 08:10 • 2 дақ

269
ЖИДУ ва Глазго университети ўртасида қўшма магистратура дастури ташкил этилади

ГЛАЗГО, 16 март. /“Дунё” АА/.  Ўзбекистон Олий Мажлис Сенати раисининг биринчи ўринбосари, Жаҳон иқтисодиёти ва дипломатия университети (ЖИДУ) ректори Содиқ Сафоевнинг Буюк Британияга хизмат сафари амалга оширилди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.

Содиқ Сафоев ташриф давомида Глазго университети (University of Glasgow) раҳбарлари билан узоқ муддатли ҳамкорлик масалалари бўйича музокаралар ўтказди.

 Глазго университети 1451 йилда ташкил этилган бўлиб, 2026 йилги халқаро рейтингларда “QS”-79 ва “THE”-84 ўринларни эгаллаган. Университетда 5,9 мингга яқин профессор-ўқитувчилар фаолият юритади, ҳозирда 39 мингга яқин талабалар таҳсил олмоқда.

Учрашувда Глазго университети проректори, профессор Рейчел Сэндисон, Ҳуқуқ мактаби раҳбари профессор Клэр Макдиармид ҳамда университет профессорлари ва академик бўлинмалар вакиллари иштирок этди.

Шунингдек ўқинг

Ташриф давомида университетлар ўртасида академик ҳамкорликни ривожлантиришга қаратилган ҳужжатлар имзоланди. Унга кўра, “dual diploma” асосида ҳуқуқий тадқиқотлар йўналишида ҳамда “Erasmus Mundus Joint Masters” дастури доирасида қўшма магистратура ташкил этилиши назарда тутилган.

Мазкур дастурлар доирасида ЖИДУ магистрантлари белгиланган академик талабларни бажарган ҳолда Глазго университетининг Ҳуқуқ мактабида таҳсил олиш ва Буюк Британиянинг етакчи юридик олий таълим муассасаси дипломини қўлга киритиш имкониятига эга бўлади.

Ушбу келишувлар икки университет ўртасидаги стратегик ҳамкорликни мустаҳкамлаб, академик алмашинув ва илмий ҳамкорликни ривожлантиришга ҳисса қўшади.

Default Avatar

Материал муаллифи

Адилбек Каипбергенов

editor1@dunyo.info

Telegram каналига обуна бўлинг

Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!

Каналга ўтиш