Logo

Тошкент ва Панжоб вилоятлари ўртасида биродарлик ва ҳамкорлик алоқалари ўрнатилди

Март 13, 2026. 09:00 • 2 дақ

317

Тошкент ва Панжоб вилоятлари ўртасида биродарлик ва ҳамкорлик алоқалари ўрнатилди

ЛАҲОР, 13 март. /“Дунё” АА/. Тошкент вилояти ҳокими Зойир Мирзаев ва Ўзбекистон элчиси Алишер Тўхтаев бошчилигидаги делегация Покистоннинг Лаҳор шаҳрига амалий ташриф билан борди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.

Делегация сафари давомида мамлакатлар ўртасида ҳамкорликни кенгайтириш масалалари муҳокама қилинди.

Ташриф доирасида учрашувлар Покистон собиқ бош вазири  «Покистон мусулмон лигаси – Н» партияси етакчиси Наваз Шариф ҳамда Панжоб вилояти бош вазири Марьям Наваз билан ўтказилди. Наваз Шариф Ўзбекистонда амалга оширилаётган ислоҳотларни ва Самарқанднинг бой маданий меросини юксак баҳолади, шунингдек Ўзбекистон ва унинг президенти билан бўлган ҳамкорлик алоқаларига ишонч билдирди.

Панжоб вилояти бош вазири Марьям Наваз Ўзбекистонни ишончли ва дўстона ҳамкор сифатида таърифлаб, иқтисодий ва маданий алоқаларни кенгайтиришга тайёрлигини билдирди. Учрашув чоғида томонлар савдо-иқтисодий ҳамкорликни мустаҳкамлаш, ҳудудлараро шерикликни кенгайтириш ва халқлар ўртасидаги муносабатларни ривожлантириш масалаларига алоҳида эътибор қаратдилар.

Шунингдек ўқинг

Шунингдек, туризм, қишлоқ хўжалиги, чорвачилик, гўштни қайта ишлаш, салқин ичимликлар ишлаб чиқариш ва цитрус маҳсулотлари етиштириш каби соҳаларда ҳамкорлик имкониятлари муҳокама қилинди. Ўзбекистон дипломатлари Покистон билан фармацевтика, туризм ва қишлоқ хўжалиги соҳаларида ҳамкорликни кенгайтиришдан манфаатдорлигини билдирди.

Учрашув якунида Панжоб ва Тошкент вилоятлари ўртасида биродарлик алоқаларини йўлга қўйиш ва амалий ҳамкорликни ривожлантириш бўйича қўшма ишчи гуруҳ тузиш режалаштирилди. Бу ташаббус Ўзбекистон ва Покистон ўртасидаги шерикликни мустаҳкамлаш, янги иқтисодий имкониятлар очиш ва савдо ҳажмини оширишга хизмат қилади.

Default Avatar

Материал муаллифи

Адилбек Каипбергенов

editor1@dunyo.info

Telegram каналига обуна бўлинг

Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!

Каналга ўтиш