Logo

ЎзМУ ва Швециянинг нуфузли университети ўртасида академик алмашинув дастурларини 2026 йилдан бошлаш бўйича муҳим келишувга эришилди

Март 16, 2026. 13:13 • 2 дақ

54
ЎзМУ ва Швециянинг нуфузли университети ўртасида академик алмашинув дастурларини 2026 йилдан бошлаш бўйича муҳим келишувга эришилди

СТОКГОЛЬМ, 16 март. /“Дунё” АА/. Ўзбекистон элчиси Рахматулла Нуримбетов дунёнинг энг нуфузли олий таълим муассасаларидан бири — Уппсала университетининг Халқаро мобиллик офиси раҳбари доктор Ева Сёдерман билан учрашув ўтказди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.

Учрашув давомида икки мамлакат олий таълим муассасалари ўртасида академик алоқаларни кенгайтириш, талабалар ва профессор-ўқитувчилар алмашинувини фаоллаштириш ҳамда ўзбекистонлик ёшлар учун Швецияда таълим олиш имкониятларини ошириш масалалари муҳокама қилинди.

Ева Сёдерманнинг таъкидлашича, Ўзбекистоннинг инсон капитали соҳасидаги улкан салоҳияти ва ижтимоий-иқтисодий ривожланиш динамикаси Швеция университетлари учун ҳамкорликни кенгайтиришда муҳим асос бўлиб хизмат қилмоқда.

Шунингдек ўқинг

Учрашувда асосий эътибор қишлоқ хўжалиги, сув ресурсларини бошқариш, атроф-муҳит муҳофазаси, “яшил” энергетика, кончилик ва биотехнология каби стратегик йўналишларда юқори малакали кадрлар тайёрлашга қаратилди.

Мулоқотнинг амалий натижаси ўлароқ, “Erasmus+” дастури доирасида Уппсала университети ва Ўзбекистон Миллий университети (ЎзМУ) ўртасидаги академик алмашинув дастурларини 2026 йилдан бошлаш бўйича муҳим келишувга эришилди.

1477 йилда асос солинган Уппсала университети Швециядаги энг қадимий ва нуфузли олийгоҳ бўлиб, дунёнинг энг яхши 100 та университети қаторига киради. Ҳозирда унда 50 мингдан ортиқ талаба таҳсил олмоқда. Ушбу ҳамкорлик Ўзбекистон олий таълим тизимини халқаро стандартлар асосида такомиллаштириш ва инновацион иқтисодиёт учун мутахассислар тайёрлашда муҳим хизмат қилади.

Default Avatar

Материал муаллифи

Zilola Ahmedova

zilola@dunyo.info

Telegram каналига обуна бўлинг

Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!

Каналга ўтиш