Logo

Ўзбекистон ва Миср фармацевтика соҳасида янги ҳамкорлик босқичига қадам қўймоқда

Август 13, 2025. 15:56 • 2 дақ

82
Ўзбекистон ва Миср фармацевтика соҳасида янги ҳамкорлик босқичига қадам қўймоқда

ҚОҲИРА, 13 август. /"Дунё" АА/. Ўзбекистон элчиси Мансурбек Қиличев Миср дори-дармон агентлиги (EDA) раиси, доктор Али Гамрави билан музокара ўтказди, деб хабар қилмоқда "Дунё" АА мухбири.

Мулоқот давомида Ўзбекистон ва Миср ўртасида фармацевтика соҳасидаги ҳамкорлик истиқболлари ва амалий йўналишлар муҳокама қилинди.

Агентлик раҳбари Али Гамрави ўз муассасаси фаолияти ҳақида батафсил маълумот берди. Унинг айтишича, EDA мустақил регулятор сифатида тўғридан-тўғри Миср Бош вазирига ҳисобот берадиган марказий тузилма ҳисобланади. Агентликнинг асосий ваколатларига дори воситаларини рўйхатга олиш ва лицензиялаш, GMP/GDP инспекцияларини амалга ошириш, фармаконазорат, нарх белгилаш ва бозор кузатуви киради.

Миср томони, шунингдек, Ўзбекистон билан тажриба алмашишга тайёрлигини билдирди.

Томонлар "gap-analysis" ўтказиш, ички регулятор ҳужжатлар ва услубий материаллар билан таъминлаш, мутахассислар учун "GxP" стандартлари ва фармаконазорат бўйича тренинглар ташкил этиш режалари хусусида фикр алмашдилар. Шу билан бирга, женерик дори воситалари, инсулин, онкологик препаратлар ва фаол фармацевтик моддалар ишлаб чиқариш бўйича қўшма лойиҳаларни амалга ошириш масалалари кўриб чиқилди.

Ахборот алмашинуви доирасида EDA ўз электрон базасидаги 60 мингга яқин маҳсулот, жумладан 12 минг дори воситасининг рўйхатини босқичма-босқич тақдим этишга розилик билдирди. Бу қадам икки мамлакат фармацевтика бозорлари ўртасидаги ўзаро ишонч ва очиқликни янада мустаҳкамлайди.

Учрашув давомида, шунингдек, инвестициялар, академик алмашинув ва илмий-тадқиқот соҳасида ҳамкорликни йўлга қўйиш масалалари муҳокама қилинди. Хусусан, Миср университетлари ва Тошкент фармацевтика институти ўртасида ҳамкорлик ўрнатишга эътибор қаратилди.

Музокаралар якунида томонлар ҳамкорлик шартномаси лойиҳасини мувофиқлаштириш ва имзолашга келишиб олдилар.

Telegram каналига обуна бўлинг

Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!

Каналга ўтиш