Ўзбекистон ва Хитой ишбилармон аёллари қўшма лойиҳалар бўйича фикр алмашди
Август 14, 2026. 09:00 • 2 дақ
• 29
ГУАНЧЖОУ, 14 август. /“Дунё” АА/. Ўзбекистон ва Хитой ишбилармон аёллари ўртасида онлайн учрашув бўлиб ўтди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.
Мамлакатимизнинг Гуанчжоу шаҳридаги Бош консулхонаси кўмагида ташкил этилган учрашувда тадбиркор хотин-қизлар, “Guangxi Women Enterprises Chamber”, Ўзбекистон Оила ва хотин-қизлар қўмитаси, “Тадбиркор аёл” халқаро ишбилармон аёллар уюшмаси, Иқтисодий ҳамкорлик уюшмаси вакиллари ҳамда қатор маҳаллий компаниялар раҳбарлари иштирок этди.
Гуанси тадбиркор аёллар палатаси раиси ўринбосари, “Guangxi Yongjiang Food Industrial” компанияси раҳбари Вань Мичиннинг таъкидлашича, ушбу учрашув икки томон ишбилармон аёллари учун бизнес ҳамкорликнинг янги имкониятларини очади ва кооперация алоқаларини кенгайтиришда муҳим аҳамиятга эга.
Мулоқот чоғида томонлар қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини қайта ишлаш, маданият, туризм, таълим, рақамли технологиялар ва бошқа соҳаларда қўшма лойиҳаларни амалга ошириш ҳамда ўзаро тажриба алмашишга келишиб олди.
Амалий ҳамкорликни мустаҳкамлаш мақсадида “Guangxi Women Enterprises Chamber”, Ўзбекистоннинг “Тадбиркор аёл” ва Иқтисодий ҳамкорлик уюшмалари ўртасида тегишли битим лойиҳасини ишлаб чиқиш белгиланди.
2009 йилда ташкил этилган Гуанси тадбиркор аёллар палатаси таркибида 3200 дан ортиқ компания мавжуд. Корхоналар фаолияти машинасозлик, биотехнология, ахборот-коммуникация технологиялари, кўчмас мулк, савдо ва инвестициялар, озиқ-овқат саноати, таълим ҳамда меҳмонхона бизнеси каби 20 дан ортиқ йўналишни қамраб олади.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Сўнгги янгиликлар
Барчаси