Ўзбекистон ва Туркия ТДТ доирасида касбий малакаларни ўзаро тан олиш тизимини ривожлантиради

Август 14, 2026. 15:30 • 2 дақ

108
Ўзбекистон ва Туркия ТДТ доирасида касбий малакаларни ўзаро тан олиш тизимини ривожлантиради

АНҚАРА, 14 август. /“Дунё” АА/. Ўзбекистон элчихонаси дипломатлари Туркия Меҳнат ва ижтимоий ҳимоя вазирлиги ҳузуридаги Касбий малакаларни баҳолаш идораси (КМБИ) Халқаро муносабатлар ва Европа Иттифоқи департаменти директори Эмре Йилдиз билан учрашув ўтказди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.

Мулоқот давомида “Туркий давлатлар ташкилоти малакалар саммити”ни ташкил этиш ва ўтказишга доир ташкилий-амалий масалалар атрофлича кўриб чиқилди. Хусусан, саммитнинг дастлабки дастури, кун тартибига киритилиши мумкин бўлган масалалар ҳамда лойиҳани амалга ошириш бўйича ҳамкорлик механизмлари атрофлича муҳокама қилинди.

Ушбу ташаббуснинг асосий мақсади — Туркий давлатлар ташкилотига (ТДТ) аъзо мамлакатлар ўртасида меҳнат миграциясини тартибли, хавфсиз ва малакали шаклда йўлга қўйиш, меҳнат бозори эҳтиёжларига мос кадрлар тайёрлаш ҳамда инсон капиталини ривожлантиришнинг барқарор моделини шакллантиришдан иборат.

Шунингдек ўқинг

Эмре Йилдизнинг таъкидлашича, минтақавий миқёсда иқтисодий алоқалар ва меҳнат ресурслари ҳаракатининг жадаллашиб бораётгани малакаларнинг шаффофлиги ва ишончлилигини таъминлайдиган умумий воситаларни ишлаб чиқишни тақозо этмоқда. Шу нуқтаи назардан, малака рамкаларини ўзаро уйғунлаштириш, сифатни кафолатлаш тизимларини кучайтириш, касбий малакаларни ўзаро тан олиш ҳамда рақамли малака ҳужжатларидан фойдаланишни кенгайтириш минтақавий ҳамкорликнинг устувор йўналишлари сифатида қайд этилди.

Шу муносабат билан, миллий малака тизимини шакллантириш ва ривожлантириш бўйича 20 йиллик бой тажрибага эга бўлган КМБИ томонидан жорий йил якунига қадар ТДТга аъзо мамлакатларнинг тегишли муассасалари иштирокида Малакалар саммитини ўтказиш ва унинг доирасида тегишли Англашув меморандумини имзолаш режалаштирилаётгани маълум қилинди.

Учрашув якунида турк томони Ўзбекистонда касбий малака тизими соҳасида яратилган имкониятлар билан яқиндан танишиш ва тегишли идоралар билан тўғридан-тўғри музокаралар ўтказиш мақсадида КМБИнинг тажрибали мутахассисларидан иборат делегациянинг мамлакатимизга ташрифини ташкил этишга тайёрлигини маълум қилди.

Default Avatar

Материал муаллифи

Zilola Ahmedova

zilola@dunyo.info

Telegram каналига обуна бўлинг

Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!

Каналга ўтиш