Китоб геопаркини ЮНЕСКО рўйхатига киритиш масаласи муҳокама қилинди
Март 19, 2026. 17:27 • 2 дақ
• 427
ТОШКЕНТ, 28 март. /“Дунё” АА/. Тошкентда Ўзбекистон ва ЮНЕСКО ташкилоти вакиллари ўртасида онлайн учрашув бўлиб ўтди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.
Учрашувда Китоб геопаркини ЮНЕСКОнинг Глобал геопарклар тармоғи рўйхатига киритиш масаласи муҳокама қилинди.
Музокараларда Ўзбекистон томонидан Тоғ-кон саноати ва геология вазирлиги, Китоб геология қўриқхонаси ҳамда ЮНЕСКО ҳузуридаги ваколатхона вакиллари иштирок этди. ЮНЕСКО томонидан эса турли бўлим раҳбарлари ва мутахассислар қатнашди.
Тадбир давомида Китоб геопаркини тайёрлаш ишларининг ҳозирги ҳолати кўриб чиқилди. Шунингдек, у ЮНЕСКОнинг халқаро тармоғига киритилгандан кейин бажарилиши лозим бўлган вазифалар муҳокама қилинди.
Геопаркнинг асосий вазифалари сифатида барқарор туризмни ривожлантириш, ҳудуднинг тарихий ва табиий меросини тарғиб қилиш ҳамда унинг халқаро нуфузини ошириш каби масалаларга алоҳида эътибор қаратилди.
Ўзбекистон вакиллари таъкидлашича, Китоб геопаркини ушбу тармоққа киритишдан асосий мақсад – ҳудуднинг сайёҳлик имкониятларини кенгайтириш, инфратузилмани ривожлантириш ва уни муҳим табиий ҳамда илмий объект сифатида танитишдир.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Барчаси