Ўзбекистон маҳсулотларини Қувайт ва Сурияга етказиб бериш учун экспорт йўлаклари очилмоқда
Июль 29, 2026. 11:00 • 3 дақ
• 105АЛ-КУВАЙТ, 29 июль /“Дунё” АА/. Самарқанддаги “YEC Gilam” МЧЖ томонидан ишлаб чиқарилаётган гилам маҳсулотлари Кувайт бозорига экспорт қилинмоқда, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.
Мамлакатимизнинг Кувайтдаги элчихонаси ўзбек миллий маҳсулотларини Кувайт ва Сурия бозорларига барқарор ва тезкор етказиб бериш мақсадида янги транспорт-логистика йўлакларини шакллантириш бўйича кенг кўламли чора-тадбирларни амалга оширмоқда. Бу борада қатор муқобил халқаро йўналишлар синовдан ўтказилиб, янги экспорт ташаббуслари илгари сурилмоқда.
Хусусан, Самарқанд вилоятидаги “YEC Gilam” МЧЖнинг гилам маҳсулотлари Кувайтнинг “Montreal House Wholesale Co” компанияси билан тузилган шартнома доирасида янги халқаро логистика маршрути орқали муваффақиятли етказиб берилди.
Кувайтга маҳсулот экспорт қилишда шу даврга қадар фойдаланиб келинган Эроннинг “Бандар Аббос” портидан фойдаланилмаган. Логистика оператори сифатида Туркиянинг “Gulf Cargo” компанияси янги коридорни хавфсиз ва истиқболли йўналиш сифатида баҳолаб, келгуси ташувларда юкларни 15–20 кун ичида етказиб бериш имконияти мавжудлигини маълум қилди.
Айни пайтда элчихона томонидан Ироқ орқали Кувайтга маҳсулот етказиб беришни йўлга қўйиш имкониятлари ҳам ўрганилмоқда. Шу мақсадда Ироқ Савдо вазирлиги, Савдо-саноат палаталари федерацияси ҳамда Курдистон минтақаси Савдо-саноат палаталари федерацияси билан музокаралар ўтказилди. Ироқ Транспорт вазирлиги эса икки давлатнинг масъул идоралари иштирокида видеоконференция шаклида амалий музокаралар ўтказишга тайёрлигини билдирди.
Шу билан бирга, Форс кўрфазидаги мавжуд геосиёсий вазиятдан келиб чиқиб, Эрондаги муқобил йўллар орқали Кувайтга юк ташиш имкониятлари ҳам таҳлил қилинди. Ушбу йўналиш келгусида миллий маҳсулотларни экспорт қилиш учун қўшимча ва муқобил логистика ечими сифатида кўриб чиқилмоқда.
Сурия йўналишида ҳам амалий натижалар мавжуд. Жорий йил май ойида Ҳалаб шаҳрида Ўзбекистон савдо уйи ва дистрибуция маркази иш бошлаганидан сўнг, Навоий вилоятидаги “Solis Oils” МЧЖ, Тошкент шаҳридаги “Premier.uz” МЧЖ ҳамда бошқа маҳаллий ишлаб чиқарувчилар иштирокида янги экспорт шартномалари имзоланди.
Ўзбекистондан Сурияга илк бор ўсимлик ёғи, кир ювиш воситалари ва маиший электр жиҳозларининг дастлабки партиялари экспорт қилинди. Импортёрларнинг маълум қилишича, маҳсулотларни Туркия орқали Сурияга етказиб бериш муддати 10–15 кунни ташкил этмоқда.
Янги транспорт коридорларининг ишлаб чиқилиши миллий маҳсулотларимизни Яқин Шарқ давлатлари бозорларига узлуксиз ва рақобатбардош шартларда етказиб беришда муҳим аҳамият касб этади.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Сўнгги янгиликлар
Барчаси


