Римда Италия ва Марказий Осиё мамлакатлари ўртасидаги ҳамкорликни янада чуқурлаштириш истиқболлари муҳокама қилинди
Май 18, 2025. 03:46 • 2 дақ
• 93
РИМ, 18 май. /"Дунё" АА/. Италия Ташқи ишлар ва халқаро ҳамкорлик вазирлиги ва "Vision & Global Trends" глобал тадқиқотлар халқаро институти томонидан Рим шаҳрида "Италия ва Марказий Осиё ҳамкорлиги" мавзусида давра суҳбати ўтказилди, деб хабар қилмоқда "Дунё" АА мухбири.

Унда Италия ТИВ, давлат ташкилотлари, Марказий Осиё давлатлари элчилари, "ақл марказлари", университетлар, илмий доира ва матбуот вакиллари қатнашди.
Тадбир дастури доирасида минтақавий ҳамкорлик ва маданий-гуманитар алоқаларга бағишланган панель муҳокамалари бўлиб ўтди. Томонлар Марказий Осиё ва Италия ўртасидаги ўзаро муносабатларнинг бугунги ҳолати, истиқболли ҳамкорлиги, маданият ва таълим йўналишлардаги шерикликни мустаҳкамлаш борасида фикр алмашилдилар.
Давра суҳбати аввалида Италия Бош вазири ўринбосари, ташқи ишлар ва халқаро ҳамкорлик вазири Антонио Таянининг тадбир қатнашчиларига йўллаган табриги ўқиб эшиттирилди. Унда Италия учун Марказий Осиёнинг стратегик аҳамияти тобора ошиб бораётгани, шунингдек, минтақа билан ўрнатилган яқин ҳамкорлик бунинг тасдиғи эканлиги қайд этилди.
Йиғилишда сўзга чиққан Италия ташқи ишлар вазири ўринбосари Эдмондо Чириелли, узоқ минг йиллик тарихга эга ушбу минтақа турли цивилизациялар чорраҳасида жойлашганини, Ўрта асрларда Шарққа сафар қилган италиялик машҳур саёҳатчи Марко Поло мазкур минтақа тўғрисида нодир манбалар қолдирганини таъкидлади. Маърузачи охирги йилларда Италиянинг минтақа давлатлари билан ҳамкорлик кўлами ошиб бораётганидан мамнунлик билдирди.
Ўзбекистон элчиси Абат Файзуллаев ўз маърузасида, икки давлат ўртасида бўлиб ўтган олий даражадаги учрашувлар, шунингдек, ўрнатилган стратегик шериклик туфайли ўзаро алоқалар сифат жиҳатдан янги босқичга кўтарилганини ва бу борада барча жабҳаларда рўёбга чиқарилаётган лойиҳалар ҳақида сўзлаб берди.
Тадбир иштирокчилари томонидан Марказий Осиё минтақасида кузатилаётган ўзаро ишонч ва яхши қўшничилик, кенг кўламли ҳамкорлик ва кооперация алоқалари юқори баҳоланди. Италия билан биргаликда энергетика, инфратузилма лойиҳалари, савдо-инвестициявий, маданий-гуманитар ҳамда бошқа кўплаб йўналишларда ҳамкорликнинг кенг истиқболлари мавжудлиги урғуланди.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Сўнгги янгиликлар
Барчаси
Мавзуга оид
Ўзбекистон ва Олтой ўлкаси узоқ муддатли шерикликни кенгайтиришга интилмоқда
Ўзбекистон ва Туркия транспорт соҳасидаги ҳамкорлик янги босқичга кўтарилади
Наманган–Гуйян: умумий қиймати 1,1 миллиард долларлик шартнома ва келишувлар имзоланди