Ўзбекистон делегацияси ТДТ солиқ идоралари раҳбарлари йиғилишида қатнашди
Июнь 17, 2026. 21:17 • 2 дақ
• 68
БУДАПЕШТ, 17 июнь. /“Дунё” АА/. Будапештда Туркий давлатлар ташкилотига (ТДТ) аъзо мамлакатлар солиқ идоралари раҳбарларининг биринчи йиғилиши бўлиб ўтди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.
Йиғилиш Венгрия томони ташаббуси билан 2025 йилда Будапештда бўлиб ўтган ТДТ саммити якунлари бўйича эришилган келишувларни ривожлантириш мақсадида ташкил этилди.
Тадбирда Ўзбекистон номидан Солиқ қўмитаси раиси Фаррух Пўлатов иштирок этди. Шунингдек, йиғилишда Озарбайжон, Қирғизистон ва Туркия солиқ идоралари раҳбарлари ҳам қатнашди.
Учрашув давомида солиқ сиёсати ва маъмуриятчилигининг долзарб масалалари юзасидан атрофлича фикр алмашилди. Солиқ органларини рақамли трансформация қилиш, замонавий электрон хизматларни ривожлантириш, солиқ назорати механизмларини такомиллаштириш, солиқ мажбуриятларининг ихтиёрий бажарилишини рағбатлантириш ҳамда яширин иқтисодиётга қарши курашиш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди.
Иштирокчилар ТДТга аъзо давлатлар солиқ идоралари олдида турган замонавий муаммоларни муҳокама қилиб, амалий ҳамкорликни кенгайтириш, солиқ маъмуриятчилиги соҳасида тажриба ва илғор халқаро амалиётлар алмашишга тайёр эканини таъкидладилар.
Туркий давлатлар солиқ органлари ўртасидаги институционал ҳамкорликни мустаҳкамлаш ташкилотнинг иқтисодий интеграцияни чуқурлаштириш, рақамли шерикликни ривожлантириш ва миллий иқтисодиётларнинг рақобатбардошлигини оширишга қаратилган стратегик мақсадларига мос келиши қайд этилди.
Тадбир якунида томонлар касбий мулоқотни янада ривожлантириш, ўзаро манфаатли ҳамкорликни кенгайтириш ва ташкилотга аъзо давлатлар солиқ тизимлари самарадорлигини оширишга қаратилган қўшма ташаббусларни амалга оширишдан манфаатдор эканликларини билдирди.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Сўнгги янгиликлар
Барчаси