Logo

Буюк Британия бозорида Ўзбекистонда етиштирилган маҳсулотларга қизиқиш тобора ортиб бормоқда

Март 29, 2024. 08:56 • 57 сония

138
Буюк Британия бозорида Ўзбекистонда етиштирилган маҳсулотларга қизиқиш тобора ортиб бормоқда

ЛОНДОН, 29 март. /"Дунё" АА/. Ўзбекистон Савдо-саноат палатаси раиси ўринбосари Умиджон Сафаров бошчилигидаги  мамлакатимиз ишбилармон доира вакилларидан иборат делегацияси жорий йилнинг 25-27 март кунлари Лондонда бўлиб ўтган "Озиқ-овқат товарлари ва ичимликлар" халқаро кўргазмасида иштирок этди, деб хабар қилмоқда "Дунё" АА мухбири.

"Озиқ-овқат товарлари ва ичимликлар" халқаро кўргазмаси Буюк Британияда 40 йилдан буён ўтказиб келинади. Бу йилги ярмаркада 27 мингдан зиёд тармоқ корхоналари ва 1500 дан ортиқ иштирокчи қатнашди.


Жорий кўргазмада "Бонафф" Ўзбекистон-Буюк Британия қўшма корхонаси томонидан республикамизда ишлаб чиқарилган қуритилган ва музлатилган мева-сабзавотлар намойиш этилди. Миллий маҳсулотларимизнинг табиийлиги ва улар юқори технологиялардан фойдаланган ҳолда қадоқлангани британиялик импортёрлар томонидан юқори баҳоланди.


Тадбир доирасида Ўзбекистоннинг "Golden Dried Fruits" корхонаси вакиллари Британиянинг етакчи компаниялари билан мамлакатимизда етиштирилган ҳўл меваларни экспорт қилиш бўйича музокара ўтказдилар.  Шунингдек, Қорақалпоғистон Республикасида фаолият  олиб бораётган "Nukus Dilisha" компанияси ҳам Британиянинг қатор компаниялари билан дуккакли маҳсулотларни экспорт қилиш бўйича учрашувлар ўтказди.


Кўргазма давомида Буюк Британия Савдо ва бизнес вазирлиги томонидан барча экспортёрлар учун Британия бозорига экспорт қилишнинг талаблари ва корхоналар томонидан қатъий эътибор қаратилиши зарур бўлган тартибларга бағишланган ўқув семинари ўтказилди.

Telegram каналига обуна бўлинг

Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!

Каналга ўтиш