Анқарада Ўзбекистон–Туркия савдо-иқтисодий ва инвестиция форуми ўтказилди
Октябрь 29, 2026. 11:00 • 2 дақ
• 178АНҚАРА, 29 октябрь. /“Дунё” АА/. Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Туркий давлатлар ташкилотининг Анқарада бўлиб ўтадиган саммитида иштироки арафасида Ўзбекистон–Туркия савдо-иқтисодий ва инвестиция форуми бўлиб ўтди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.
Тадбирда икки мамлакатнинг давлат ва сиёсат арбоблари, тадбиркорлари, саноат корхоналари раҳбарлари ҳамда ишбилармонлик бирлашмалари вакиллари қатнашди. Иштирокчилар савдо-иқтисодий алоқаларни кенгайтириш, инвестицияларни жалб қилиш ва қўшма лойиҳаларни амалга ошириш масалаларини муҳокама қилдилар.
Форумда Ўзбекистон ва Туркия ўртасидаги ҳамкорликни янги босқичга олиб чиқишда саноат кооперацияси, замонавий технологияларни жорий этиш ва қўшма корхоналар ташкил қилиш муҳим аҳамиятга эга экани таъкидланди.
Турк компанияларининг ишлаб чиқариш тажрибасини Ўзбекистоннинг иқтисодий салоҳияти билан уйғунлаштириш, янги иш ўринлари яратиш ва экспортбоп маҳсулотлар ишлаб чиқаришни кўпайтириш истиқболли йўналишлар сифатида қайд этилди.
Тадбирнинг муҳим мавзуларидан бири Тошкентда Туркиянинг OSTİM саноат ҳудуди тажрибаси асосида Ўзбек–турк уюшган саноат ҳудудини ташкил этиш ташаббуси бўлди. Қиймати қарийб 300 миллион долларга баҳоланаётган, 100 гектар майдонни эгаллаши режалаштирилган ушбу лойиҳа доирасида 10 мингдан зиёд иш ўрни яратиш кўзда тутилган.
Саноат ҳудудида ишлаб чиқариш корхоналари билан бир қаторда технологияларни ривожлантириш марказлари, таълим, тиббиёт ва логистика инфратузилмасини ташкил этиш режалаштирилган. Шунингдек, Нукус шаҳрида 160 гектарлик саноат майдонини ривожлантириш ташаббуси ҳам ҳудудларда инвестициявий фаолликни ошириш учун муҳим аҳамият касб этади.
Янги Тошкент лойиҳаси ҳам туркиялик инвесторлар учун катта имкониятлар очмоқда. Хусусан, “MİMSAN” компанияси иштирокида 73 миллион долларлик энергетика иншоотини барпо этиш лойиҳаси икки мамлакат ҳамкорлиги энергетика ва замонавий инфратузилма соҳаларида ҳам кенгайиб бораётганини кўрсатади.
Ўзбекистон иқтисодиётига Туркия инвестициялари ҳажми 8 миллиард доллардан ошган, турк капитали иштирокидаги корхоналар сони эса 2,2 мингдан зиёд. Бу кўрсаткичлар икки давлат ўртасидаги иқтисодий муносабатлар изчил ривожланаётганидан далолат беради.
Эндиликда мавжуд салоҳиятдан самарали фойдаланиш, юқори қўшилган қийматли маҳсулотлар ишлаб чиқариш, саноат кластерларини ривожлантириш ва ташқи бозорларга биргаликда чиқиш муҳим вазифалардан ҳисобланади.
Анқарадаги форум Ўзбекистон ва Туркия ўртасидаги савдо-иқтисодий ҳамкорликни мустаҳкамлаш, янги инвестиция лойиҳаларини амалга ошириш ва саноат кооперациясини кенгайтириш учун муҳим мулоқот майдони бўлди.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Сўнгги янгиликлар
Барчаси


