Logo

Деҳлида ўзбек тили ва адабиётига бағишланган халқаро симпозиум бўлиб ўтди

Ноябрь 08, 2025. 09:35 • 2 дақ

120
Деҳлида ўзбек тили ва адабиётига бағишланган халқаро симпозиум бўлиб ўтди

ДЕҲЛИ, 8 ноябрь. /"Дунё" АА/. Жавоҳарлаъл Неру университетининг Тил, адабиёт ва маданият тадқиқотлари мактабида ўзбек тили ва адабиётига бағишланган халқаро симпозиум бўлиб ўтди, деб хабар бермоқда "Дунё" АА мухбири.

Симпозиумда таълим, фан ва академик тадқиқотлар соҳасидаги икки томонлама ҳамкорликни ривожлантириш жараёнида бу каби форумларнинг аҳамияти юқори экани, улар икки халқ ўртасидаги ўзаро англашувни чуқурлаштириш, шунингдек, бой маънавий, маданий ва адабий меросга бўлган ўзаро қизиқишни оширишга хизмат қилиши таъкидланди.

Тадбир иштирокчилари Марказий Осиё ва Ҳиндистон ўртасидаги кўп асрлик маданий-гуманитар, жумладан, адабий алоқаларни алоҳида қайд этди.

Бундай тадбирлар таълим, фан ва академик тадқиқотлар соҳасидаги ҳамкорликни мустаҳкамлашда муҳим аҳамиятга эга.

Икки давлат илмий-академик ва маданий-гуманитар доиралари вакиллари сўнгги йилларда Ҳиндистон ва Ўзбекистон ўртасидаги жадал ривожланаётган ҳамкорликни алоҳида таъкидлаб, Жавоҳарлаъл Неру университетининг Марказий Осиё халқлари тилларини ўрганиш ва минтақага оид тадқиқотларни ривожлантиришдаги ўрнини юқори баҳолади.

Шу билан бирга, сўнгги йилларда ҳинд ёшлари орасида ўзбек тилини ўрганишга қизиқиш ортиб бораётгани алоҳида қайд этилди. Бу каби анжуманлар ёш тадқиқотчилар ва талабалар учун ўз билимини чуқурлаштириш, тил эгалари билан мулоқот қилиш ва самарали илмий ишлар учун янги туртки олиш учун ноёб имконият яратиши урғуланди.

- Биз Ўзбекистон делегациясини қутлашдан жуда мамнунмиз, - дейди Жавоҳарлаъл Неру университети Эрон ва Марказий Осиё тадқиқотлари марказининг Тил, адабиёт ва маданият тадқиқотлари мактаби раҳбари профессор Ахлоқ Аҳмад Аҳан. - Ўзбекистон олимлари ва санъат арбоблари билан ҳамкорлигимиз жадал ривожланмоқда. Ишончимиз комилки, ушбу шериклик ва Ўзбекистон элчихонаси томонидан кўрсатилаётган амалий кўмак туфайли ёшларимизга ўзбек тили ва адабиётини ўқитиш сифат жиҳатдан янада юқори даражага кўтарилади.

Симпозиум дастури доирасида Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси, Ўзбекистон давлат хореография академияси, Самарқанд давлат университети, Урганч инновацион университети, Қўқон давлат педагогика университети ва мамлакатимизнинг бошқа ўқув юртлари вакилларининг тақдимотлари ва бадиий чиқишлари катта таассурот уйғотди.

Улар ўз чиқишларида ўзбек тили ва адабиётининг бойлиги, шунингдек, ҳинд тили ва адабиёти анъаналари билан чуқур тарихий ришталар ҳақида сўзлаб берди.

Тадбир доирасида ўзбек муаллифларининг инглиз тилига таржима қилинган ва Ҳиндистонда нашр этилган асарлари тақдим этилди.

Telegram каналига обуна бўлинг

Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!

Каналга ўтиш