“Korea Times” газетаси Ўзбекистонни ҳар қандай мавсумда дам олиш учун идеал йўналиш сифатида тавсия этмоқда
Июль 10, 2026. 16:30 • 2 дақ
• 95
СЕУЛ, 10 июль. /“Дунё” АА/. Жанубий Кореянинг етакчи “Korea Times” газетасида Ўзбекистоннинг Марказий Осиёнинг янги туризм марказига айланаётганига бағишланган мақола эълон қилинди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.
Нашрнинг қайд этишича, Ўзбекистон нафақат Самарқанд, Бухоро ва Хива каби Буюк Ипак йўлида жойлашган қадимий шаҳарлари, балки пурвиқор тоғлари, ўзига хос чўллари, кўллари ва яшил боғлари билан ҳам дунё сайёҳлари учун жозибадор ўлка ҳисобланади.
Мақолада мамлакатимизда 95 та давлат фуқаролари учун визасиз тартиб жорий этилгани, транспорт ва меҳмонхона инфратузилмаси тубдан такомиллаштирилаётгани ислоҳотларнинг юксак суръатларда амалга оширилаётганидан далолат бериши эътироф этилган. Бугунги кунда юртимизда 7 мингдан ортиқ маҳаллий меҳмонхона ҳамда 30 га яқин йирик халқаро меҳмонхона бренди муваффақиятли фаолият юритмоқда.
Жанубий Корея нашри рақамларга алоҳида эътибор қаратган. Унда таъкидланишича, 2025 йил якунларига кўра, Ўзбекистонга 11,7 миллион нафар хорижий сайёҳ ташриф буюрган бўлиб, туризм хизматлари экспорти 4,8 миллиард АҚШ долларини ташкил этган. Шу боис, мамлакатнинг янги қабул қилинган “Туризмни ривожлантириш стратегияси – 2030” дастури доирасида хорижлик сайёҳлар оқимини 20 миллион нафарга етказиш вазифаси белгиланган.
Материалда Амирсой, Чимён, Зомин миллий боғлари, Чорвоқ ва Оролбўйи ҳудудларининг экотуризм имкониятлари билан бирга “Шарқ тароналари”, “Ипак ва зираворлар”, Наманган халқаро гуллар фестивали каби йирик маданий тадбирлар халқаро миқёсда тан олингани ҳақида ҳам сўз юритилган.
Мақола якунида Жанубий Корея фуқаролари учун Ўзбекистон бой маданий мерос, гўзал табиат, миллий анъаналар ва замонавий инфратузилмани ўзида мужассам этган хавфсиз ҳамда жозибадор туристик йўналиш сифатида тавсия этилган.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Сўнгги янгиликлар
Барчаси