Наманганда Германия билан ҳамкорликда юқори малакали тиббиёт ходимлари ва бошқарув кадрларини тайёрлаш лойиҳаси амалга оширилади
Август 09, 2025. 12:36 • 2 дақ
• 185
НАМАНГАН, 9 август. /"Дунё" АА/. Шу йилнинг 4-7 август кунлари Германиядаги Людвигсбург оммавий бошқарув ва молия олий мактаби ҳузуридаги Оммавий иқтисодий ҳуқуқ институти директори Геральд Зандер бошчилигидаги делегация Наманган вилоятида бўлди, деб хабар бермоқда "Дунё" АА мухбири.

Ташриф Самарқанд халқаро саломатлик фанлари олий мактаби Ўзбекистон-Германия қўшма корхонасининг Наманган филиалини ташкил этиш мақсадида ташкил этилди.
Наманган вилояти ҳокими билан бўлиб ўтган учрашувда таклиф этилаётган давлат-хусусий шериклик лойиҳаси муҳокама қилинди.
Лойиҳа немисзабон давлатларда (DACH) вақтинча меҳнат фаолиятини амалга ошириш истагида бўлган фуқароларни иш берувчиларнинг талаблари ва мазкур давлатлар таълим стандартлари асосида касб-ҳунар ва немис тилига ўқитиш, саломатлик ва тиббиёт ҳуқуқи мутахассисликлари бўйича тўрт йиллик бакалавриат ҳамда икки йиллик магистратура йўналишлари бўйича таълим жараёнини йўлга қўйиш, маҳаллий мутахассисларнинг касбий малакасини оширишни қамраб олади.
Мулоқот якунида Самарқанд халқаро саломатлик фанлари олий мактаби Ўзбекистон-Германия қўшма корхонаси ва Наманган вилояти ҳокимлиги ўртасида ҳамкорлик меморандуми имзоланди.
Таълим муассасасининг асосий мақсади соғлиқни сақлаш соҳаси учун юқори малакали тиббиёт ходимлари ва бошқарув кадрларини тайёрлаш ҳисобланади. Муассасада ўзбек ва немис тиббиёт таълимининг ўзида мужассам этган энг илғор анъаналари, стандартлари ва амалиётини жорий этилади.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Сўнгги янгиликлар
Барчаси