Пекинда “Ўзбекистоннинг мангу гўзаллиги” китоби тақдимоти бўлиб ўтди
Август 04, 2026. 14:30 • 2 дақ
• 75ПЕКИН, 4 август. /“Дунё” АА/. Хитой пойтахтида “Ўзбекистоннинг мангу гўзаллиги” номли китоб тақдимоти бўлиб ўтди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.
Тақдимот маросимида мамлакатимизнинг Хитойдаги элчихонаси вакиллари, таниқли ёзувчилар, профессор ўқитувчилар ҳамда фаол ёшлар иштирок этди.
Ушбу китоб Хитой халқаро санъат таълими ва маданий академик ассоциацияси раҳбари Ананда Жао ҳамда Ўзбекистондаги “Shine” қизлар академияси раҳбари, Зульфия номидаги давлат мукофоти совриндори Шоҳида Юсупова муҳаррирлигида тайёрланган.
Юртимизда турли соҳаларида фаолият юритаётган иқтидорли хотин-қизлар қаламига мансуб ҳикоялар, шеърлар, мақолалар ва эсселар жамланган ушбу китоб кўпчиликда катта таассурот қолдирди.
Лойиҳанинг асосий мақсади – Янги Ўзбекистоннинг бой маданий мероси ва ижодий салоҳиятини халқаро майдонда кенг тарғиб қилиш, хотин-қизларнинг интеллектуал имкониятларини қўллаб-қувватлаш ҳамда давлатлар ўртасидаги маданий алоқалар ва дўстлик ришталарини янада мустаҳкамлашдан иборат бўлди.
“Shine” қизлар академияси хотин-қизларнинг шахсий ва касбий ривожланишига қаратилган қатор ташаббусларни амалга ошириб келмоқда. Академияда шу кунга қадар 70 мингдан ортиқ хотин-қизлар шахсий ривожланиш, хорижий тилларни ўрганиш ҳамда халқаро майдонга чиқиш йўналишларида таълим олишган.
Пекинда ўтказилган мазкур тақдимот республикамизнинг билимли ва иқтидорли хотин-қизлари овози халқаро миқёсда тобора кенгроқ янграётгани, миллий маданиятимиз ва маънавий меросимиз эса дунё ҳамжамиятида муносиб эътироф этилаётганининг яна бир ёрқин намунаси бўлди.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Сўнгги янгиликлар
Барчаси


