Ўзбекистон–Польша ўртасида иқтисодий алоқаларни кенгайтириш масалалари кўриб чиқилди
Июнь 01, 2026. 20:20 • 2 дақ
• 132ВАРШАВА, 1 июнь. /“Дунё” АА/. Ўзбекистон элчихонаси дипломатлари “Польша–Осиё” савдо палатаси ҳамда Миллий иқтисодиёт банки (BGK) томонидан ташкил этилган бизнес форумда иштирок этди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.
“Янги иқтисодий дипломатия – Марказий Осиёга хорижий экспансияда бизнесни қўллаб-қувватлаш” мавзусидаги ушбу тадбирда “Польша–Осиё” савдо палатаси президенти, Польша Бош вазирининг собиқ ўринбосари ва иқтисодиёт вазири Януш Пехочинский, BGK банки вакиллари, дипломатик корпус ходимлари, шунингдек логистика, саноат, қурилиш, озиқ-овқат, тўқимачилик ва IT соҳаларида фаолият юритаётган 100 нафарга яқин польшалик тадбиркор ҳамда оммавий ахборот воситалари вакиллари қатнашди.
Форумда сўзга чиққан Ўзбекистоннинг Польшадаги элчиси Амирсаид Аъзамхўжаев Президент Шавкат Мирзиёев раҳбарлигида мамлакатимизда амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар, иқтисодиётни либераллаштириш, хусусий секторни қўллаб-қувватлаш, хорижий инвесторлар учун яратилган қулай шароитлар ҳақида тўхталиб ўтди.
Учрашув давомида Ўзбекистон ва Польша ўртасидаги савдо-иқтисодий ҳамкорликнинг бугунги ҳолати ва уни янада ривожлантириш имкониятлари муҳокама қилинди. Хусусан, саноат кооперацияси, қишлоқ хўжалиги, фармацевтика, “яшил” энергетика, транспорт-логистика ва ахборот технологиялари соҳаларидаги истиқболли лойиҳаларга алоҳида эътибор қаратилди. Польша компаниялари Ўзбекистондаги эркин иқтисодий зоналар, саноат кластерлари ва хусусийлаштириш жараёнларида фаол иштирок этишга таклиф этилди.
Мулоқот чоғида икки томонлама иқтисодий ҳамкорликни чеклаб турган айрим муаммолар ҳақида ҳам сўз юритилди. Жумладан, ўзбекистонлик тадбиркорлар ва юк ташувчилар учун Польшага виза олишдаги қийинчиликлар, 2023 йил февралдан буён Польша–Беларусь чегарасининг учинчи давлатлар, жумладан Ўзбекистон автоташувчилари учун ёпиқлиги савдо ва логистика алоқаларига салбий таъсир кўрсатаётгани таъкидланди. Ушбу масалаларни ҳал этиш икки мамлакат ўртасидаги иқтисодий ҳамкорликни янги босқичга олиб чиқиш учун муҳим омил экани қайд этилди.
Форум доирасида Ўзбекистоннинг иқтисодий ва инвестициявий имкониятларини акс эттирувчи тақдимот ва видеороликлар намойиш этилди. Польша бизнес доиралари мамлакатимизда амалга оширилаётган ислоҳотлар, инвесторлар учун яратилган кафолатлар ва истиқболли лойиҳаларга катта қизиқиш билдирди. Улар Марказий Осиё давлатлари, айниқса, Ўзбекистон билан иқтисодий ҳамкорликни кенгайтиришга қизиқиш ортиб бораётганини таъкидлади.
Тадбир якунида иштирокчилар 2026 йил 16–18 июнь кунлари Тошкент шаҳрида бўлиб ўтадиган Тошкент халқаро инвестиция форумида иштирок этишга таклиф этилди.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Сўнгги янгиликлар
Барчаси
Мавзуга оид

Сирдарё вилояти техникуми ва Россиянинг Уфа давлат нефть техника университети ўртасида ҳамкорлик меморандуми имзоланди







