Logo

Республика ихтисослаштирилган аллергология ва клиник иммунология илмий-амалий тиббиёт марказида Ҳиндистон билан ҳамкорликда замонавий референс-лаборатория очилди

Август 16, 2025. 09:04 • 1 дақ

77
Республика ихтисослаштирилган аллергология ва клиник иммунология илмий-амалий тиббиёт марказида Ҳиндистон билан ҳамкорликда замонавий референс-лаборатория очилди

ТОШКЕНТ, 16 август. /"Дунё" АА/. Ўзбекистон Соғлиқни сақлаш вазирлиги Республика ихтисослаштирилган аллергология ва клиник иммунология илмий-амалий тиббиёт марказида Ҳиндистон билан ҳамкорликда замонавий референс-лаборатория очилди, деб хабар қилмоқда "Дунё" АА мухбири.

2021 йил йил декабрь ойида имзоланган меморандум ижроси доирасида амалга оширилган лойиҳа қийматини қарийб 1,5 миллион долларга тенг грант маблағлари ташкил қилди.

Илмий-амалий тиббиёт марказига автоматик биокимёвий ва гематология анализаторлар, коагулометр, эритроцитларнинг чўкиш тезлигини аниқловчи ҳамда центрифуга аппаратлари, термостат каби илғор қурилмалар ва жиҳозлар ўрнатилди.

Бунинг натижасида илғор усулдаги қатор молекуляр аллергологик ташхисот усуллари йўлга қўйилди.

Ўзбекистон Соғлиқни сақлаш вазирлиги матбуот хизмати маълумотига кўра, хусусан, "ALEX" ташхис усули бемор қонидаги салкам 300 та аллергенга сезувчанликни молекуляр оқсил даражасида аниқлаш имконини беради. "PROTIA Allerqy-Q 96" технологияси орқали эса 90 турдаги махсус аллергенларни бир вақтнинг ўзида текшириш мумкин.

Шунингдек, "Thermo Fisher Scientific" компаниясининг "Phadia 200" автомат анализатори бир вақтнинг ўзида 100 га яқин аллергенларнинг молекуласини аниқлай олади. Бу технология аллергик касалликлар диагностикасида халқаро даражадаги "олтин стандарт"га тўлиқ жавоб берувчи мослама ҳисобланади.

Янги референс-лабораториянинг очилиш маросимида Ҳиндистоннинг Ўзбекистондаги Фавқулодда ва мухтор элчиси Смита Пант бошчилигидаги делегация иштирок этди.

Telegram каналига обуна бўлинг

Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!

Каналга ўтиш