Хитой компанияси Сирдарёда тиббий таълимни замонавий технологиялар билан бойитишга кўмаклашади

Ноябрь 23, 2026. 13:00 • 2 дақ

• 88
Хитой компанияси Сирдарёда тиббий таълимни замонавий технологиялар билан бойитишга кўмаклашади
Хитой компанияси Сирдарёда тиббий таълимни замонавий технологиялар билан бойитишга кўмаклашади
Хитой компанияси Сирдарёда тиббий таълимни замонавий технологиялар билан бойитишга кўмаклашади

ГУАНЧЖОУ, 23 ноябрь. /“Дунё” АА/. Мамлакатимизнинг Гуанчжоу шаҳридаги Бош консулхонаси ташаббуси билан Хитойнинг “Guangdong DeXin Medical Technology” компанияси раҳбарияти бошчилигидаги делегациянинг Сирдарё вилояти Абу Али ибн Сино номидаги жамоат саломатлиги техникумига сафари ташкил этилди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.

Ташрифдан кўзланган асосий мақсад тиббий таълим соҳасида икки томонлама амалий ҳамкорликни йўлга қўйиш, илғор хорижий тажриба ва замонавий технологияларни маҳаллий таълим жараёнига татбиқ этишдан иборат бўлди.

Учрашув ва музокаралар давомида компания томонидан ишлаб чиқарилаётган замонавий тиббий ускуналарни ўқув жараёнига жорий этиш орқали техникумнинг моддий-техник базасини мустаҳкамлаш, акушерлик ва гинекология, жарроҳлик ҳамда ҳамширалик йўналишлари бўйича замонавий симуляцион ўқув хоналарини ташкил этиш масалалари муҳокама қилинди.

Шунингдек ўқинг

Шунингдек, ёшларнинг назарий билимини амалий кўникмалар билан бойитиш, клиник вазиятларни ўқув шароитида моделлаштириш ва келгусидаги касбий фаолиятга тайёргарлигини ошириш мақсадида илғор симуляцион технологиялардан фойдаланишга алоҳида эътибор қаратилди.

Музокаралар чоғида ходимларнинг касбий малакасини ошириш, уларнинг замонавий тиббий технологиялар билан ишлаш кўникмаларини ривожлантиришга қаратилган махсус ўқув дастурларини йўлга қўйиш, тажриба алмашиш ва ўзаро ҳамкорликни изчил давом эттириш бўйича келишувга эришилди.

Мазкур ташриф ва эришилган келишувлар Ўзбекистон ва Хитой ўртасида соғлиқни сақлаш соҳаларидаги амалий ҳамкорликни янада кенгайтириш, тиббий таълим муассасаларининг моддий-техник имкониятларини яхшилашга хизмат қилади.

Default Avatar

Материал муаллифи

Ҳасан Мўминов

muminov@dunyo.uz

Telegram каналига обуна бўлинг

Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!

Каналга ўтиш