Самарқандда Ўзбекистон–Польша таълим ҳамкорлиги бўйича муҳим ҳужжатлар имзоланди
Апрель 15, 2026. 17:40 • 2 дақ
• 133ВАРШАВА, 14 апрель. /“Дунё” АА/. Польша Олий таълим ва фан вазири Марчин Куласек халқаро аҳамиятга эга тадбирларда иштирок этиш мақсадида Самарқанд шаҳрига ташриф буюрди, деб хабар қилмоқда “Дунё” АА мухбири.
Ташриф доирасида вазир Марказий Осиё ва Европа Иттифоқи университетлари иштирокида ўтказилаётган “Технологиялар ва тиббиёт” мавзусидаги халқаро конгрессда маъруза қилди.
Марчин Куласек Самарқандда ташкил этилган тадбирлар учун миннатдорлик билдириб, самимий қабул, юксак меҳмондўстлик ҳамда Ўзбекистоннинг бой тарихий-маданий мероси унда катта таассурот қолдирганини таъкидлади.
У Самарқандда Ўзбекистон олий таълим, фан ва инновациялар вазири Қўнғиротбой Шарипов ҳамда Президент Администрацияси раҳбари ўринбосари Илҳом Сираев билан учрашиб, икки томонлама ҳамкорлик масалаларини муҳокама қилди.
Суҳбат давомида олий таълим ва илм-фан соҳасида Ўзбекистон–Польша ҳамкорлигини ривожлантиришнинг устувор йўналишлари атрофлича муҳокама қилинди. Польша томони Ўзбекистонда таълим тизимини ислоҳ қилиш бўйича амалга оширилаётган изчил чора-тадбирларни юқори баҳолаб, мамлакатнинг минтақадаги салоҳияти ва стратегик ёндашуви тўғри йўналишда эканини алоҳида таъкидлади.
Польша вакиллари ёшлар таълимига инвестиция киритиш устувор аҳамиятга эга эканини қайд этиб, ҳозирги кунда 1700 нафардан ортиқ ўзбекистонлик талабалар Польшада таҳсил олаётганини маълум қилди. Таъкидланганидек, Польша олий таълим тизими хорижий талабалар учун жозибадор йўналишлардан бири бўлиб, ўзбекистонлик ёшларнинг бу мамлакатда таҳсил олишга бўлган қизиқиши ортиб бормоқда.
Томонлар олий таълим муассасалари ўртасида тўғридан-тўғри ҳамкорликни кенгайтириш, қўшма таълим дастурларини жорий этиш, илмий тадқиқотлар бўйича ҳамкорликни кучайтириш ҳамда академик алмашинувни ривожлантиришдан ўзаро манфаатдор эканини билдирди.
Польша томони ўзбекистонлик талабалар ва тадқиқотчилар учун мамлакат олий таълим муассасалари очиқ эканини билдириб, NAWA агентлиги орқали кенг кўламли грант дастурлари, жумладан докторантура босқичи учун қўшимча грантлар ажратиш имкониятлари мавжудлигини маълум қилди.
Учрашувда икки томонлама ҳамкорликнинг узоқ муддатли истиқболлари, жумладан кадрлар тайёрлаш, илмий салоҳиятни ошириш ҳамда келгусида иқтисодий, дипломатик ва институционал алоқаларни мустаҳкамлашда таълим соҳасининг ўрни муҳокама қилинди.
Тадбир якунида олий таълим ва илм-фан соҳасидаги ҳамкорликни янада ривожлантиришга қаратилган Мақсадлар тўғрисида баёнот (Letter of Intent) имзоланди.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Барчаси



