Logo

Ўзбекистон ва Туркия ўртасида онкология соҳасида муҳим келишув имзоланди

Апрель 15, 2026. 19:40 • 2 дақ

118
Ўзбекистон ва Туркия ўртасида онкология соҳасида муҳим келишув имзоланди

АНҚАРА, 15 апрель. /“Дунё” АА/. Туркиянинг Эрзинжан шаҳридаги Бинали Йилдирим университети ҳамда Ўзбекистон Соғлиқни сақлаш вазирлигига қарашли Республика ихтисослаштирилган онкология ва радиология илмий-амалий тиббиёт маркази ўртасида ҳамкорлик протоколи имзоланди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.

Мазкур ҳужжат онкологик хизматларни ривожлантириш, мутахассислар тайёрлаш ва ўзаро тажриба алмашиш каби муҳим йўналишларни қамраб олади.

Протоколни университет ректори профессор Акин Левент ва Марказ директори Седат Кая имзолади. Унга мувофиқ, Туркиянинг илғор тажрибаларини жорий этиш орқали онкология ва радиология соҳаларида хизмат сифатини ошириш, илмий ҳамкорликни кенгайтириш ҳамда кадрлар салоҳиятини мустаҳкамлаш кўзда тутилган.

Шунингдек, томонлар ўртасида соҳадаги сўнгги янгиликлар ва маълумотларни мунтазам алмашиш, шифокорлар ва мутахассислар учун амалиёт ва ўқув дастурларини ташкил этиш режалаштирилган.

Шунингдек ўқинг

Қўшма семинарлар ва конференциялар ўтказиш, мураккаб клиник ҳолатлар бўйича маслаҳатлашувлар ташкил қилиш, илмий тадқиқотлар ва нашрлар юзасидан ҳамкорлик қилиш ҳам келишувдан ўрин олган.

Клиник ҳамкорлик доирасида Марказ мутахассисларининг университет клиникасидаги мураккаб жарроҳлик амалиётларида иштирок этиши, клиник кенгашлар ўтказиш ва замонавий даволаш усулларини жорий этиш назарда тутилган.

Соғлиқни сақлашни бошқариш, сифат назорати ва беморлар хавфсизлиги тизимларини такомиллаштириш, халқаро аккредитация стандартларига мувофиқ ишлаш бўйича ҳам ҳамкорлик амалга оширилади.

Протоколга мувофиқ, ҳар икки томон вакилларидан иборат қўшма ишчи гуруҳ тузилиб, аниқ лойиҳа ва ташаббуслар босқичма-босқич амалга оширилади.

Default Avatar

Материал муаллифи

Ҳасан Мўминов

muminov@dunyo.uz

Telegram каналига обуна бўлинг

Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!

Каналга ўтиш