Тошкентда Йўловчи ва юк ташишни назорат қилиш дастури якунлари сарҳисоб қилинди
Август 07, 2026. 11:30 • 2 дақ
• 99
ТОШКЕНТ, 7 август. /“Дунё” АА/. Ўзбекистон, Тожикистон, Озарбайжон, Грузия, Қозоғистон, Қирғизистон, Покистон, Туркманистон ва Украина божхона идоралари вакиллари ўртасида минтақалараро учрашув бўлиб ўтди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири Тожикистоннинг “Ховар” миллий ахборот агентлигига таяниб.
Агентликда ёзилишича, мазкур учрашув Йўловчи ва юк ташишни назорат қилиш дастури доирасида ташкил этилди. Тадбирда мазкур дастурни амалга ошириш якунлари сарҳисоб қилиниб, ҳамкорликнинг келгуси йўналишлари кўриб чиқилди.
Иштирокчилар трансмиллий уюшган жиноятчиликка қарши курашишда ўзаро ҳамкорликни мустаҳкамлаш, дастурни амалга ошириш бўйича илғор тажриба алмашиш, божхона сиёсати соҳасида стратегик устувор йўналишларни белгилаш ҳамда тавсиялар ишлаб чиқиш хусусида фикр алмашди.
Шунингдек, миллий мақсадли таҳлил марказлари орқали ҳамкорликни ривожлантириш, ахборот алмашинувини такомиллаштириш ва қўшма операцияларни мувофиқлаштириш бўйича амалий чора-тадбирлар муҳокама қилинди.
Бутунжаҳон божхона ташкилоти томонидан ташкил этилган алоҳида сессияда ушбу тузилманинг Йўловчи ва юк ташишни назорат қилиш дастури ҳамкорлари ҳамда жаҳон божхона ҳамжамияти ўртасидаги мулоқотни мустаҳкамлашдаги ўрни кўриб чиқилди.
Бундан ташқари, таҳлилий ахборот алмашиш, операцияларни мувофиқлаштириш, кадрлар салоҳиятини ошириш ва халқаро ҳуқуқни муҳофаза қилиш операцияларида иштирок этиш учун Бутунжаҳон божхона ташкилоти воситалари ва платформаларидан кенгроқ фойдаланиш имкониятлари муҳокама қилинди.
Учрашув дастури Ўзбекистон Давлат божхона қўмитасига ташриф билан якунланди. Иштирокчилар Марказий божхона лабораторияси, Божхона расмийлаштируви маркази ва Миллий мақсадли таҳлил маркази фаолияти билан танишди.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Сўнгги янгиликлар
Барчаси