Германияда оғир аҳволга тушган ватандош Ўзбекистонга қайтарилди

Август 07, 2026. 10:30 • 2 дақ

42
Германияда оғир аҳволга тушган ватандош Ўзбекистонга қайтарилди

ФРАНКФУРТ-МАЙН, 7 август. /“Дунё” АА/. Ўзбекистоннинг Франкфурт-Майн шаҳридаги Бош консулхонаси ҳамда Миграция агентлиги вакиллари Германияда оғир вазиятга тушиб қолган юртдошимизнинг ватанга қайтишига кўмаклашди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.

Ватандошимиз Бош консулхонага авиачипта сотиб олиш учун молиявий имконияти мавжуд эмаслиги сабабли ёрдам сўраб мурожаат қилган.

Ҳамюртимизнинг маълум қилишича, у вақтинчалик меҳнат фаолиятини амалга ошириш мақсадида Руминияга борган. У иш ҳақидаги маълумотни ижтимоий тармоқлар орқали топган. Кейинчалик эса яхши иш шароитини излаб Германияга келган. Германия ҳудудида қонуний қолиш ҳуқуқини тасдиқловчи ҳужжатлари мавжуд эмаслиги ва доимий даромад манбаига эга бўлмагани сабабли у қийинчиликларга дуч келиб, оғир моддий аҳволга тушиб қолган.

Фуқаронинг мурожаатидан сўнг Бош консулхона томонидан Миграция агентлиги билан ҳамкорликда тегишли чора-тадбирлар белгиланди. Ҳамкорликда амалга оширилган ишлар натижасида унга авиачипта сотиб олиш учун зарур ёрдам кўрсатилди ҳамда Ўзбекистонга қайтиши ташкил этилди.

Шунингдек ўқинг

Шу билан бирга, Бош консулхона юртдошлар эътиборини меҳнат миграцияси масалаларига масъулият билан ёндашиш зарурлигига қаратди.

Кўп ҳолларда фуқаролар ижтимоий тармоқлар, мессенжерлар ва текширилмаган интернет манбаларидаги эълонларга ишониб, иш берувчилар ва меҳнат шароитлари ҳақида етарли маълумотга эга бўлмасдан хорижга чиқмоқда. Бундай қарорлар маблағларни йўқотиш, қонуний иш жойига эга бўлмаслик, миграция қонунчилигини бузиш ва хорижда мураккаб вазиятларга тушиб қолишга олиб келиши мумкин.

Шу боис дипломатик ваколатхона фуқароларга хорижга ишлаш мақсадида чиқишдан олдин Ўзбекистон Миграция агентлигига мурожаат қилиб, ишончли маълумот олиш, меҳнат шартларини текшириш ҳамда қонуний меҳнат қилиш имкониятларини ўрганишни тавсия қилади.

Default Avatar

Материал муаллифи

Ҳасан Мўминов

muminov@dunyo.uz

Telegram каналига обуна бўлинг

Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!

Каналга ўтиш