Logo

Ўзбекистонда Италия вакиллари иштироки мода ва дизайн соҳасида маҳорат дарслари ташкил этилади

Май 06, 2024. 10:11 • 2 дақ

211
Ўзбекистонда Италия вакиллари иштироки мода ва дизайн соҳасида маҳорат дарслари ташкил этилади

РИМ, 6 май. /"Дунё" АА/. Ўзбекистон элчиси Абат Файзуллаев Италиянинг "CNA" Ҳунармандлар, кичик ва ўрта корхоналар миллий конфедерацияси бошқарма бошлиғи, "CNA Federmoda" уюшмаси президенти Антонио Франческини билан учрашув ўтказди, деб хабар қилмоқда "Дунё" АА мухбири.

Мулоқот чоғида Италия томони билан енгил саноат, мода ва дизайн соҳаларида фаолият юритувчи икки мамлакат тадбиркорлик субъектлари ўртасида ҳамкорликни йўлга қўйиш ва ушбу йўналишларда Италия тажрибасини жорий қилиш истиқболлари муҳокама қилинди.

Элчихона раҳбари бугунги кунда Ўзбекистонда енгил саноат, мебель, мода ва дизайн соҳалари жадал ривожланиб бораётгани, сўнгги йилларда юртимиздан чет элга пахта хом ашёси экспорти тўлиқ тўхтатилганини таъкидлади. Шунингдек, ярим тайёр ва тайёр маҳсулотлар экспорти ошгани, тўқимачилик, чарм ва пойабзал товарларини ишлаб чиқариш каби соҳаларни янги сифатли даражага олиб чиқиш мақсадида хорижий тажрибага катта қизиқиш мавжудлиги қайд этилди.

Антонио Франческини ўз навбатида, Ўзбекистон томони билан кичик ва ўрта бизнес соҳасида ҳамкорлик ўрнатиш ҳамда уни ривожлантиришга қизиқиш борлигини айтиб ўтди.

Мавжуд истиқболли ҳамкорлик йўналишларини инобатга олган ҳолда Конфедерация вакили томонидан дастлабки қадам сифатида CNAга аъзо компаниялар мутахассисларининг Ўзбекистонга сафарини ташкил этиш ва унинг доирасида соҳа мутахассислари учун маҳорат дарсларини уюштириш тўғрисида келишиб олинди.

Томонлар, шунингдек, ҳамкорликнинг кейинги босқичи сифатида мамлакатимизда "Ўзбекистон-Италия мода ва дизайн маркази"ни ташкил этиш юзасидан ҳам фикр алмашдилар.

Telegram каналига обуна бўлинг

Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!

Каналга ўтиш