Ўзбекистонда ёшларни Японияда ишга жойлашишга тайёрлаш бўйича лойиҳалар ишга туширилади

Октябрь 11, 2026. 10:30 • 2 дақ

• 201
Ўзбекистонда ёшларни Японияда ишга жойлашишга тайёрлаш бўйича лойиҳалар ишга туширилади

ТОКИО, 11 октябрь. /“Дунё” АА/. Ўзбекистон дипломатлари “MURUUDUL Co., Ltd.” япон компанияси бош директори Кота Цунэдзука билан онлайн учрашув ўтказди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.

Мулоқот чоғида компания делегациясининг жорий йил сентябрь ойида Ўзбекистонга амалга ширган ташрифи якунлари сарҳисоб қилиниб, ёш мутахассисларни япон тили ҳамда Японияда талаб юқори бўлган касбий кўникмаларга ўқитиш ва кейинчалик уларни иш билан таъминлаш масалалари муҳокама қилинди.

Ташриф давомида япон делегацияси Касбий таълим агентлиги ва Миграция агентлиги, шунингдек, Андижон, Самарқанд, Жиззах вилоятлари ва Тошкент шаҳридаги қатор техникумлар раҳбарияти билан учрашувлар ўтказган эди. Музокаралар натижасида тегишли ҳамкорлик битимлари имзоланиб, лойиҳани амалга ошириш бўйича “йўл харитаси” ишлаб чиқилган.

Шунингдек ўқинг

Учрашувда Японияда “Махсус малакали ишчи” (Specified Skilled Worker) тизими асосида ишлаш истагида бўлган ўзбекистонлик ёшларни тайёрлаш масаласига алоҳида эътибор қаратилди. Хусусан, томонлар юк машиналари ҳайдовчиларини касбга ўқитиш имкониятларини кўриб чиқдилар.

Ҳозирги вақтда биринчи ўқув гуруҳларини шакллантириш ва машғулотларни бошлаш бўйича амалий чоралар кўрилмоқда. Мазкур ташаббус Ўзбекистон ёшларининг касбий салоҳиятини ошириш, уларнинг хорижда хавфсиз, қонуний ва барқарор бандлигига кўмаклашиш, шунингдек, Ўзбекистон ва Япония ўртасидаги амалий шерикликни янада ривожлантиришга хизмат қилади.

Default Avatar

Материал муаллифи

Zilola Ahmedova

zilola@dunyo.info

Telegram каналига обуна бўлинг

Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!

Каналга ўтиш