Австрия университети билан ҳамкорликда Ўзбекистонда иккита касбий таълим маркази ташкил этилади
Октябрь 11, 2026. 16:00 • 2 дақ
• 85
ВЕНА, 11 октябрь. /“Дунё” АА/. “Austria” интернет нашрида Ўзбекистон Касбий таълим агентлиги директори бошчилигидаги делегациянинг Австрияга ташрифига бағишланган мақола эълон қилинди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.
Мақолада ёзилишича, Австриянинг “IMC Krems” амалий фанлар университети ва Ўзбекистон Касбий таълим агентлиги ўртасида кенг кўламли таълим ҳамкорлиги тўғрисида келишув имзоланган.
Ушбу ҳамкорлик доирасида Наманган ва Бухоро шаҳарларида меҳмонхона менежментига ихтисослашган иккита марказ ташкил этилади. Ушбу марказлар туризм соҳаси учун малакали мутахассислар ва ўқитувчилар тайёрлаш, касбий таълим сифатини халқаро стандартлар асосида оширишга хизмат қилади.
Лойиҳанинг муҳим жиҳати – таълимнинг амалиётга йўналтирилганидир. Ўқув машғулотларининг камида 60 фоизи амалий дарслардан иборат бўлади. Марказларда ташкил этиладиган ўқув меҳмонхоналарида талабалар меҳмонларни кутиб олиш, меҳмонхона хўжалигини юритиш ва ресторан хизмати каби йўналишларда амалий кўникмаларни эгаллайди.
Шунингдек, маҳаллий ўқитувчиларни “Train-the-Trainer” – тренерларни тайёрлаш модели асосида ўқитиш ва сертификатлаш режалаштирилган. Бу Австрия тажрибасини Ўзбекистонда кенг жорий этиш ва миллий касбий таълим тизимининг салоҳиятини ошириш имконини беради.
Мақолада “IMC Krems” университетининг Ўзбекистон билан мавжуд ҳамкорлиги ҳам таъкидланган. Жумладан, Тошкент давлат иқтисодиёт университети билан ҳамкорликда амалга оширилаётган таълим дастурларида 200 нафардан ортиқ талаба Австрия университети стандартлари асосида таҳсил олмоқда.
Мазкур лойиҳа Ўзбекистонда туризм соҳаси учун рақобатбардош кадрлар тайёрлаш, таълим сифатини ошириш ва битирувчиларнинг бандлигини таъминлашга хизмат қилади.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Сўнгги янгиликлар
Барчаси