Варшавада Ўзбекистон ва Польша ўртасида академик алмашинувларни ривожлантириш масалалари муҳокама қилинди
Май 14, 2026. 14:25 • 2 дақ
• 20
ВАРШАВА, 14 май. /“Дунё” АА/. Мамлакатимизнинг Польшадаги элчихонаси дипломатлари “Vizja University” олий таълим муассасаси вакиллари билан учрашди, деб хабар қилмоқда “Дунё” АА мухбири.
Учрашувда ушбу университет проректори Мацей Клуз ва ривожланиш бўйича директор Кароль Ковальчик билан суҳбат бўлиб ўтди.
Мулоқот давомида иштирокчилар икки давлат олий таълим муассасалари ўртасида ҳамкорликни кенгайтириш масалаларини муҳокама қилди. Польша томони университет делегациясининг шу йил июль ойида Тошкентга ташрифини амалга ошириш режалаштирилаётганини маълум қилди.
Мацей Клуз Ўзбекистонни Марказий Осиёдаги асосий ҳамкор давлатлардан бири сифатида кўришини таъкидлаб, турли йўналишларда ҳамкорликни кенгайтириш таклифини билдирди.
Хусусан, проректор ўзбекистонлик талабалар учун ҳар йили камида 50 тагача грант ва қисқа муддатли ўқув дастурларини жорий этиш, Тошкентда қўшма таълим лойиҳаларини йўлга қўйиш ҳамда келажакда Ўзбекистонда университетнинг филиалини очиш имкониятлари бўйича ўз таклифларини билдирди.
Польша томони университет платформасида “Ўзбек мода ва дизайн ҳафталиги” тадбирини ўтказиш ташаббусини қўллаб-қувватлашини билдириб, уни Варшава ва Вроцлав шаҳарларида ташкил этишга тайёр эканини маълум қилди. Шу билан бирга, Ўзбекистонлик дизайнерлар ва брендлар билан тўғридан-тўғри ҳамкорликни йўлга қўйишда ҳамкорлик алоқаларини кенгайтириш лозимлигини қайд этди.
Тадбир давомида Ўзбекистон ёшлар иттифоқи билан ҳамкорликда иқтидорли йигит-қизлар учун грант, стипендия ва мавсумий таълим дастурларини йўлга қўйиш, Польша шаҳарларига таълимий ва маданий сафарларни ташкил этиш бўйича таклифлар ҳам илгари сурилди.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Сўнгги янгиликлар
Барчаси




