ИҲММда Хитой делегацияси билан учрашув ўтказилди
Май 13, 2026. 19:25 • 3 дақ
• 24
ТОШКЕНТ, 13 май. /“Дунё” АА/. Бугун Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Миллий марказида (ИҲММ) Хитойнинг Инсон ҳуқуқларини ривожлантириш жамғармаси вице-президенти ва бош котиби Ли Хункуй бошчилигидаги делегация билан учрашув бўлиб ўтди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.
Ушбу делегация 14 майда Тошкент шаҳрида ўтказиладиган “Хитой – Марказий Осиё – 2026” инсон ҳуқуқларини ривожлантириш форумида иштирок этиш учун мамлакатимизга ташриф буюрди.
Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Миллий маркази директори академик Акмал Саидов меҳмонларни қутлар экан, Хитойнинг етук экспертлари, илмий-академик доиралари ва турли давлат тузилмалари вакилларидан иборат нуфузли делегация Ўзбекистонга ташриф буюрганини алоҳида таъкидлади. Делегациянинг бундай таркиби ва даражаси Ўзбекистон билан Хитой ўртасидаги инсон ҳуқуқлари соҳасидаги ҳамкорлик янада мазмунли ва барқарор тус олаётганидан далолат беради.
Ўзбекистон томони Хитойнинг 2026 йил 23 февраль – 1 март кунлари бўлиб ўтган БМТ Инсон ҳуқуқлари бўйича кенгашининг 61-сессиясида илгари сурган ташаббусини қўллаб-қувватлаши қайд этилди. Ушбу ташаббус инсон ҳуқуқлари соҳасида глобал бошқарувни такомиллаштириш ва Глобал бошқарув дўстлари гуруҳини тузишга қаратилган бўлиб, у кўп томонлама ёндашувни мустаҳкамлаш, БМТнинг инсон ҳуқуқлари тизимидаги ислоҳотларни илгари суриш, ривожланаётган мамлакатларнинг вакиллиги ва ролини кенгайтириш, шунингдек, бу соҳадаги янги чақириқларга ўз вақтида жавоб бериш муҳимлигини кўзда тутади.
Мулоқот давомида Миллий марказ директори 2018 йилдан буён Ўзбекистон Президенти ташаббуси билан Инсон ҳуқуқлари бўйича Самарқанд форуми (икки йилда бир марта) ўтказиб келинаётганини ҳам айтди. Жорий йилда Фуқаролик ва сиёсий ҳуқуқлар ҳамда Иқтисодий, ижтимоий ва маданий ҳуқуқлар тўғрисидаги иккита халқаро пактнинг 60 йиллигига бағишланган бешинчи форум бўлиб ўтади. Шу муносабат билан хитойлик мўътабар меҳмонлар Инсон ҳуқуқлари бўйича бешинчи Самарқанд форумида иштирок этиш учун таклиф этилди.
Ўз навбатида, Хитойнинг Инсон ҳуқуқларини ривожлантириш жамғармаси вице-президенти ва бош котиби Ли Хункуй Ўзбекистон томонига юксак эътибор ва самимий меҳмондўстлик учун чуқур миннатдорчилик билдирди. Хитой билан Ўзбекистон ўз миллий тараққиётини танлаган ва шу йўлдан қатъий бораётган давлатлар ҳисоблангани боис инсон ҳуқуқларини ривожлантириш борасидаги қарашларимиз ҳам яқин ва ўхшаш эканлигини таъкидлади.
Сўнгги йилларда давлатларимиз раҳбарларининг дўстона ва ўзаро манфаатли ҳамкорлик муносабатлари изчил фаоллашгани асносида Хитой билан Ўзбекистоннинг кўплаб соҳалар қатори инсон ҳуқуқлари соҳасидаги ўзаро мулоқоти ҳам сезиларли даражада чуқурлашиб, амалий аҳамият касб этмоқда. Шу нуқтаи назардан, Тошкентда ўтказиладиган “Хитой – Марказий Осиё – 2026” инсон ҳуқуқларини ривожлантириш форуми минтақавий форматдаги мулоқотни давом эттириш, аниқ ечимларни муҳокама қилиш, тажриба алмашиш, шунингдек, эришилган келишувларни якуний ҳужжатда мустаҳкамлаш имконини беради.
Томонлар ушбу Форумга тайёргарлик якунларини атрофлича муҳокама қилдилар. Форум иштирокчиларининг маърузалари асосида тайёрланган мақолаларни Миллий марказ журналларида чоп этиш, Форум материалларини алоҳида тўплам шаклида нашр этиш каби бир қатор амалий таклифлар кўриб чиқилди ва маъқулланди.
Шундан сўнг Хитой делегацияси аъзолари Инсон ҳуқуқлари уйи фаолияти билан танишдилар. Бу ерда ташкил этилган Миллий марказ томонидан нашр этилган китоблар ва Хитойга тааллуқли адабиётлар кўргазмаси, шунингдек, кейинги йилларда Ўзбекистон ва Хитой ўртасида инсон ҳуқуқлари соҳасидаги ҳамкорликка оид фотокўргазма меҳмонларда яхши таассурот қолдирди.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Сўнгги янгиликлар
Барчаси




