Польшада Марказий Осиё инвестиция имкониятлари муҳокама қилинди
Май 01, 2026. 12:55 • 2 дақ
• 310ВАРШАВА, 3 май. /“Дунё” АА/. Варшава иқтисодиёт университетида инвестиция, экспорт ва халқаро ҳамкорлик соҳалари бўйича тадбир ташкил этилди, деб хабар қилмоқда “Дунё” АА мухбири.
Учрашув давомида “Марказий Осиё ва Озарбайжонда ўсиш ва инвестицияларни рағбатлантириш” мавзусида панель сессия ўтказилди.
Сессияда Ўзбекистон элчихонаси дипломатлари, Озарбайжоннинг Польшадаги элчиси маслаҳатчиси Ровшан Ахундов, “Boym Institute” эксперти Павел Яскула ва Евроосиё бизнес уюшмаси президенти Эрмек Канибеков иштирок этди.
Муҳокамалар польшалик талабаларнинг Марказий Осиё ҳақидаги билимларини кенгайтиришга қаратилди. Хусусан, иқтисодий ўсиш, инвестиция муҳити, бизнес юритиш шароитлари, давлат сиёсатининг роли, устувор тармоқлар, транспорт ва логистика алоқалари, геосиёсий омиллар, хавф-хатарлар ва ривожланиш истиқболлари каби масалалар кўриб чиқилди.
Тадбирда Польша, Марказий Осиё давлатлари ва Озарбайжоннинг стратегик ва иқтисодий аҳамияти ортиб бораётгани таъкидланди. Ушбу мамлакатлар ўртасида савдо ва инвестиция ҳамкорлигини кенгайтириш, минтақавий боғлиқликни кучайтириш ва энергетик хавфсизликни таъминлаш муҳим экани қайд этилди. Марказий Осиё эса нафақат транзит ҳудуд, балки инвестиция ва ишлаб чиқариш учун истиқболли марказ сифатида баҳоланди.
Дипломатлар Янги Ўзбекистонда амалга оширилаётган ислоҳотлар, жумладан “Ўзбекистон – 2030” стратегияси доирасида иқтисодиётни либераллаштириш, давлат бошқарувини янгилаш ва хусусий сектор ролини оширишга қаратилган чоралар ҳақида маълумот берди.
Форум дипломатлар, бизнес вакиллари, экспертлар ва талабаларни бирлаштирган муҳим мулоқот майдони бўлди. У Ўзбекистон ва Польша ўртасидаги ҳамкорликни мустаҳкамлаш, талабаларни халқаро ташкилотлар ва бизнес доиралари билан яқинлаштириш, илмий ва маданий алмашинувларни ривожлантиришга хизмат қилди.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Барчаси




