Санкт-Петербургда “Ўзбекистон кунлари” ташкил этилди
Май 03, 2026. 16:30 • 3 дақ
• 360САНКТ-ПЕТЕРБУРГ, 5 май /“Дунё” АА/. Санкт-Петербург шаҳрида Ўзбекистон ва Россия ўртасидаги маданий ва иқтисодий алоқаларни янада мустаҳкамлашга бағишланган “Ўзбекистон кунлари” тадбирлари бўлиб ўтди, деб хабар қилмоқда “Дунё” АА мухбири.
Ушбу тадбир Ўзбекистон Бош консулхонаси ва шаҳар ҳукумати ҳамкорлигида ташкил этилиб, турли соҳалардан ташриф буюрган делегациялар иштирокида сермазмун ва кенг қамровли дастур асосида ўтказилди.
Учрашувларда Ўзбекистон Туризм қўмитаси, Самарқанд вилояти ҳокимлиги, Халқаро кураш институти ва қатор йирик туроператорлар қатнашди. Бу ташаббуснинг нафақат маданий, балки иқтисодий ва туристик аҳамияти ҳам юқори эканини кўрсатди.
Тадбирлар “Невская Ратуша” мажмуасида Ўзбекистоннинг туристик салоҳияти тақдимоти билан бошланди. Унда маҳаллий туризм соҳаси вакиллари иштирок этиб, мамлакатимизнинг хавфсиз, жозибадор ва гастрономик туризм маркази сифатидаги ўрни алоҳида таъкидланди.
Қайд этилганидек, 2025 йилда Ўзбекистонга 11,7 миллион хорижий сайёҳ ташриф буюрган бўлса, 2026 йилнинг биринчи чорагидаёқ 250 минг россиялик мамлакатимизда меҳмон бўлган.
Самарқанд вилояти ҳокимлиги раҳбарияти томонидан катта туристик гуруҳлар учун махсус тарифлар жорий этилиши маълум қилинди. Бу ташаббус оммавий туризмни ривожлантиришга хизмат қилиши кутилмоқда.
Тадбирлар доирасида ўтказилган B2B форматидаги учрашувлар икки мамлакат туроператорлари ўртасида янги ҳамкорлик йўналишларини очди. 2026 йил сентябрь ойида Санкт-Петербургда ўзбек маданияти ва миллий таомларига бағишланган йирик фестиваль ўтказиш бўйича келишувга эришилди. Ушбу тадбир доирасида ошпазлар ўртасида кулинария чемпионати ўтказиш ҳам режалаштирилган.
Расмий учрашувлар ҳам самарали кечди. Жумладан, шаҳар вице-губернатори билан музокаралар якунида туризм соҳасида ҳамкорликни ривожлантириш бўйича протокол имзоланди. Шу билан бирга, “Ostrovok” компанияси билан ҳамкорлик тўғрисида келишувга эришилди. Бу Ўзбекистоннинг туристик маҳсулотларини халқаро онлайн платформалар орқали кенг тарғиб қилиш имконини яратади.
Учрашувларнинг иккинчи куни асосан амалий мулоқотларга бағишланди. Хусусан, МДҲ давлатлари Парламентлараро ассамблеяси вакиллари билан учрашувда 2027 йилда Ўзбекистонда “Ҳамдўстлик” Travel Hub (саёҳат майдони) тадбирини ўтказиш имкониятлари муҳокама қилинди.
Маданий дастурлар ҳам юқори савияда ташкил этилди. Приморск маданият марказида ўтказилган ўзбек маданияти кечасида кўплаб томошабинлар иштирок этди. Концертлар, миллий рақслар, либослар намойиши ва анъанавий таомлар меҳмонларда катта таассурот қолдирди.
Шу билан бирга, спорт соҳасидаги ҳамкорлик ҳам янги босқичга кўтарилмоқда. Халқаро кураш институти томонидан ўтказилган мастер-класслар Санкт-Петербург спортчиларида катта қизиқиш уйғотди. Маҳаллий ташкилотлар кураш бўйича секциялар очиш ва мусобақаларда иштирок этиш истагини билдирди.
Учинчи кун таълим ва спорт соҳаларига бағишланди. Лесгафт номидаги Санкт-Петербург миллий давлат жисмоний тарбия, спорт ва саломатлик университети билан ҳамкорлик меморандумини имзолаш бўйича келишувга эришилди. Бу илмий тадқиқотлар, академик алмашинув ва спорт соҳасида тажриба алмашишни ривожлантиришга хизмат қилади.
Умуман олганда, “Ўзбекистон кунлари” икки мамлакат ўртасидаги муносабатларни янги босқичга олиб чиқди. Туризм, маданият, спорт ва бизнес соҳаларида эришилган келишувлар келгусида янада кенг кўламли лойиҳалар амалга оширилишига замин яратади.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Барчаси





