Ислом цивилизацияси марказида Малайзия қироличаси иштирокида халқаро конференция бўлиб ўтди
Май 05, 2026. 19:15 • 2 дақ
• 487ТОШКЕНТ, 5 май. /“Дунё” АА/. Малайзия қироличаси Ража Зарита Софиянинг Ўзбекистонга ташрифи доирасида Ислом цивилизацияси марказида бўлиб ўтган “Ислом цивилизациясида илмий анъана: манбалар, долзарб масалалар ва салоҳият” мавзусидаги халқаро конференцияда қатнашди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.
Конференцияда давлат идоралари вакиллари, университет ректорлари, олимлар, халқаро экспертлар, тадқиқотчилар, талабалар ва оммавий ахборот воситалари ходимлари иштирок этди.
Қиролича ўз нутқида замонавий дунёда илм-фан ва маданиятлараро мулоқотнинг муҳимлигини, шунингдек, илмий меросни асраб-авайлаш ва келажак авлодларга етказиш зарурлигини таъкидлади.
Ялпи мажлислар ва тематик секцияларда ислом илм-фани меросининг замонавий талқини, мусулмон олимларининг жаҳон цивилизациясига қўшган ҳиссаси ва бу мероснинг ҳозирги глобал илмий жараёнлардаги ўрни муҳокама қилинди. Шунингдек, тарихий илмий анъаналарни замонавий технологиялар, жумладан сунъий интеллект ва рақамли технологиялар билан уйғунлаштириш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди.
Тадбир доирасида қиролича Ража Зарита София фахрий раиси бўлган Малайзия технология университети (Universiti Teknologi Malaysia) ҳамда Ислом цивилизацияси маркази, Тошкент давлат шарқшунослик университети, Имам Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази ва Имам Мотуридий халқаро илмий-тадқиқот маркази ўртасида қатор ҳамкорлик меморандумлари имзоланди. Бу ҳужжатлар илм-фан соҳасидаги алоқаларни янги босқичга олиб чиқиши кутилмоқда.
Малайзия томони “Nasyrul Qur’an” марказида нашр этилган 20 минг нусха Қуръони Каримни “Вақф” хайрия жамоат фонди ҳадя этиш ташаббусини билдирди. Бу икки давлат ўртасидаги маънавий яқинликни яна бир бор намоён этди.
Конференция якунида Малайзия қироличаси ва бошқа меҳмонлар марказнинг асосий экспозициялари билан танишди. Нафақат диний, балки тарихий-илмий қимматга эга бўлган ноёб қўлёзмалар ва муқаддас матнлар намойиш этилган Қуръон зали уларда катта таассурот қолдирди.
Тадбир доирасида Қироличага “Ўзбекистон маданий мероси жаҳон тўпламларида: Малайзия Ислом санъати музейи тўплами” китоб альбоми тантанали равишда топширилди.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Барчаси




