Вена шаҳрида Ўзбекистон ва Атом энергияси бўйича халқаро агентлик ўртасидаги ҳамкорлик истиқболлари муҳокама қилинди

Апрель 25, 2024. 18:31 • 2 дақ

271
Вена шаҳрида Ўзбекистон ва Атом энергияси бўйича халқаро агентлик ўртасидаги ҳамкорлик истиқболлари муҳокама қилинди

ВЕНА, 25 апрель. /"Дунё" АА/. Ўзбекистон Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг Бюджет ва иқтисодиёт масалалар қўмитаси раиси Дурбек Ахмедов ОПЕК Халқаро тараққиёт жамғармаси томонидан ташкил этилган "Иқлим бўйича қарорлар қабул қилиш ҳафталиги" сессиясидаги иштироки доирасида Атом энергияси бўйича халқаро агентлик бош директори ўринбосари Михаил Чудаков билан учрашди, деб хабар қилмоқда "Дунё" АА мухбир.

Учрашувда Ўзбекистон ядро инфратузилмасини ривожлантириш борасидаги ҳамкорликни янада мустаҳкамлаш, муқобил энергиядан фойдаланиш сиёсатини қўллаб-қувватлаш борасидаги ўзаро ҳамкорлик, атом саноатини ривожлантиришда парламентнинг роли муҳокама қилинди.

Суҳбат чоғида томонлар ҳамкорликнинг жорий ва истиқболли режаларини муҳокама қилдилар, ядровий соҳадаги икки томонлама ҳамкорликнинг юқори даражасини тасдиқладилар, шунингдек, янги лойиҳаларни, жумладан, кичик қувватли атом электр станцияларини яратиш лойиҳасини амалга ошириш бўйича биргаликдаги саъй-ҳаракатларни фаоллаштиришдан манфаатдорлик билдирдилар.

Алоҳида эътибор Атом энергияси бўйича халқаро агентлик бош директори Рафаэль Гроссининг "Нолсиз ядровий инновациялар" (Atoms4NetZero) ташаббусига қаратилди. Ушбу ташаббус аъзо давлатларни энергияни нол эмиссияга ўтишда атом энергиясидан фойдаланишга қаратилган саъй-ҳаракатларида қўллаб-қувватлайди.

Учрашувда Ўзбекистон парламентининг атом энергетикасини ривожлантиришдаги ўрни муҳимлиги таъкидланди. Ваколатли органлар раҳбарларининг атом энергиясидан фойдаланиш соҳасида давлат назорати ва текширувларини ўтказиш, назорат қилинадиган объектларда хавфсизликни таъминлаш борасидаги фаолияти тўғрисидаги ҳисоботлари навбатдаги эшитилиши ижобий баҳоланди. Қарорлар қабул қилиш жараёнига жамоатчиликни фаол жалб этиш, бу борада шаффофлик ва жавобгарликни таъминлашнинг муҳимлиги қайд этилди.

Telegram каналига обуна бўлинг

Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!

Каналга ўтиш