Францияда ўзбекистонлик мутахассисларга “Ҳамма учун сув” халқаро дастури дипломлари топширилди

Октябрь 30, 2026. 11:30 • 2 дақ

• 157
Францияда ўзбекистонлик мутахассисларга “Ҳамма учун сув” халқаро дастури дипломлари топширилди

ПАРИЖ, 30 октябрь. /“Дунё” АА/. Францияда “Ҳамма учун сув” (“Eau pour Tous”) халқаро таълим дастурининг 2025–2026 ўқув йилини муваффақиятли тамомлаган ватандошларимизга диплом топшириш маросими бўлиб ўтди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.

Тадбир “AgroParisTech” муҳандислик мактабида тантанали равишда ўтказилди. Унда сув таъминоти ва оқова сувларни тозалаш соҳасида фаолият юритувчи дунёнинг 23 давлатидан келган 37 нафар раҳбар ва мутахассис диплом олди.

“International Executive Master OpT” дастури бошқарув кўникмаларини ривожлантириш, сув ресурсларини бошқаришнинг замонавий усулларини жорий этиш ҳамда коммунал хизматлар сифатини оширишга қаратилган.

Маросимда иштирокчи давлатлар дипломатик миссиялари вакиллари, “AgroParisTech”, “SUEZ” компанияси, Франция тараққиёт агентлиги раҳбарияти иштирок этди.

Шунингдек ўқинг

Тадбирда халқаро ҳамкорликни ривожлантириш, малакали раҳбар кадрларни тайёрлаш ва сув таъминоти ҳамда санитария соҳасида самарали ечимларни жорий этиш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди.

Мазкур дастур “AgroParisTech” ва “SUEZ” ҳамкорлигида амалга оширилиб, асосан Африка ва Осиё мамлакатлари мутахассисларининг касбий салоҳиятини оширишга йўналтирилган. Шунингдек, у БМТ Барқарор ривожланиш мақсадларининг олтинчиси - барча учун тоза сув ва санитария хизматларидан фойдаланиш имкониятини таъминлашга хизмат қилади.

Ўзбекистонлик мутахассисларнинг ўқиши Франция томонидан молиялаштирилади. Вакилларимизнинг ушбу дастурда иштирок этиши сув хўжалиги соҳасида кадрлар салоҳиятини мустаҳкамлаш, илғор халқаро тажрибани ўзлаштириш ҳамда Ўзбекистон ва Франция ўртасида сув ресурсларини бошқариш соҳасидаги ҳамкорликни янада ривожлантиришга муҳим ҳисса қўшади.

Default Avatar

Материал муаллифи

Zilola Ahmedova

zilola@dunyo.info

Telegram каналига обуна бўлинг

Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!

Каналга ўтиш