Ўзбекистон ва Покистон олий таълим, фан ва инновациялар соҳасида ҳамкорликни ривожлантирмоқда
Ноябрь 30, 2025. 14:17 • 2 дақ
• 70ИСЛОМОБОД, 30 ноябрь. /“Дунё” АА/. Ўзбекистон элчиси Алишер Тўхтаев Покистон Фан ва технологиялар миллий университетига (NUST) ташриф буюрди ва университет раҳбарияти билан учрашув ўтказди.
Университетнинг тадқиқот, инновациялар ва тижоратлаштириш бўйича проректори Ризван Рияз билан кечган мулоқот чоғида Ўзбекистон олий таълим муассасалари ва NUST ўртасида ўзаро манфаатли академик алоқаларни йўлга қўйиш, юқори малакали кадрларни тайёрлаш, қайта тикланувчи энергия, саноатни автоматлаштириш, рақамли технологиялар, сунъий интеллект, киберхавфсизлик ва бошқа устувор соҳаларда ҳамкорлик қилиш, инновацияларни тижоратлаштириш, технологиялар трансфери ва стартапларни қўллаб-қувватлаш йўналишида тажриба алмашиш истиқболлари муҳокама қилинди.
Шунингдек, профессор-ўқитувчилар, тадқиқотчилар ва талабалар учун қисқа муддатли ўқув дастурлари, малака ошириш курслари ва стажировкалар ташкил этиш ҳамда академик ҳаракатчанликнинг бошқа шаклларини ишлаб чиқиш, икки мамлакат тадқиқотчилари ва олимлари иштирокида қўшма илмий конференциялар, форумлар ва давра суҳбатларини уюштириш юзасидан фикр алмашилди.
– Ўзбекистоннинг тиббиёт, техник фанлар, сунъий интеллект ва ҳуқуқ соҳаларига ихтисослашган университетлари ҳамда технологик парклари билан ўзаро ҳамкорликка оид ҳужжатларни имзолашдан манфаатдормиз, – деди NUST проректори Ризван Рияз. – Ҳамкорлик истиқболларини ўрганиш, музокаралар кун тартибини шакллантириш ва самарадорлигини таъминлаш мақсадида дастлаб босқичга видеоконференция шаклида учрашув ташкил этишни таклиф қиламиз.
Ўзбекистон дипломатик миссияси раҳбари ташриф давомида университетда яратилган шароитлар ва NUST ҳузурида барпо этилган Фан ва технологиялар миллий парки фаолияти билан танишди.
Маълум қилинишича, 2019 йилда ташкил этилган ушбу мажмуа иқтисодиёт ва саноатнинг барча соҳаларида, жумладан, мудофаа саноати, энергетика, ахборот технологиялари, ишлаб чиқаришни автоматлаштириш, қишлоқ хўжалиги, автомобилсозлик, тиббиёт, таълим, молия ва бошқа соҳалар учун замонавий технологик ечимларни таклиф этувчи стартаплар ва компанияларни қўллаб-қувватлаш, уларга хизмат кўрсатишга ихтисослашган. Технопарк ҳудудида Юқори технологиялар махсус иқтисодий зонаси, Махсус технологик зона ва 350 дан ортиқ лабораториялар очилган. Шунингдек, ҳудудда юқори технологиялар бўйича тадқиқотлар олиб бориш, лойиҳалаштириш ва ишлаб чиқаришга ихтисослашган 100 дан ортиқ компаниялар, жумладан 60 дан ортиқ стартаплар, 40 дан ортиқ кичик ва ўрта бизнес корхоналари, 16 та хорижий мамлакатдан 30 га яқин компаниялар фаолият юритмоқда. Улар томонидан ҳозирга қадар 50 миллиондан ортиқ инвестициялар жалб қилинган.
Технопарк аъзолари учун солиқ ва мажбурий тўловлар бўйича имтиёзлар, давлат ва банк хизматлари учун “ягона дарча” тамойили асосида комплекс хизматлар тақдим этилади.
Ташриф якунида, NUST раҳбарияти билан Ўзбекистон олий таълим муассасалари, илмий-тадқиқот институтлари ва технопарклари билан ҳамкорликни йўлга қўйиш учун мулоқотни давом эттириш юзасидан келишиб олинди.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Сўнгги янгиликлар
Барчаси
Мавзуга оид
Венгриянинг нуфузли университет ва компаниялари билан ҳамкорлик меморандуми имзоланди
Рединг университетининг Ўзбекистонда кампусини очиш масаласи муҳокама қилинди


