ЖЧ-2026: Чорак финалга Европадан 6 та, Африка ва Жанубий Америкадан биттадан жамоа йўл олди
Июль 08, 2026. 11:00 • 2 дақ
• 171ТОШКЕНТ, 8 июль /“Дунё” АА/. 2026 йилги Жаҳон чемпионатида нимчорак финал баҳслари якунига етиб, чорак финалга чиққан жамоалар номи маълум бўлди, деб хабар қилмоқда “Дунё” АА мухбири.
Нимчорак финал баҳслари муросасиз ўйинларга бой бўлди. Деярли ҳар бир жуфтликда кескин кураш кечди. Франция Парагвайни минимал ҳисобда (1:0) енгди. Норвегия сенсация қайд этиб, Бразилияни мусобақадан чиқариб юборди (2:1). Англия Мексикани 3:2 ҳисобида мағлуб этган бўлса, Бельгия АҚШ устидан йирик – 4:1 ҳисобида устун келди.
Амалдаги жаҳон чемпиони Аргентина эса Мисрга қарши учрашувда 0:2 ҳисобида ортда бора туриб, иродали ўйин намойиш этиб, 3:2 ҳисобида ғалаба қозонди. Бу сафар ҳам Месси жамоа сардори ва етакчиси эканини намоён этиб, ушбу жаҳон чемпионатидаги голлари сонини 8 тага етказиб олди. Швейцария ва Колумбия ўртасидаги тўқнашувда асосий ва қўшимча вақтда ҳисоб очилмади. Пенальтилар сериясида эса швейцарияликларга омад кулиб боқди.
Мусобақанинг энг таъсирли воқеаларидан бири – Криштиану Рональдонинг жаҳон чемпионатлари билан хайрлашуви бўлди. Нимчорак финалда Португалия Испанияга 0:1 ҳисобида мағлуб бўлди. Шундай қилиб, кетма-кет олти Жаҳон чемпионатида гол урган Рональдонинг мундиаллардаги сўнгги голи Ўзбекистон дарвозасига урилди.
Чорак финалга Европанинг олти жамоаси йўл олди: Франция, Испания, Бельгия, Норвегия, Англия ва Швейцария. Африкадан фақат Марокаш, Жанубий Америкадан эса амалдаги жаҳон чемпиони Аргентина миллий жамоаси қатнашади.
Чорак финал ўйинлари 10 июль куни бошланади (ўйинлар Тошкент вақти билан кўрсатилган):
Франция – Марокаш (9 июлдан 10 июлга ўтар кечаси, соат 01:00)
Норвегия – Англия (10 июлдан 11 июлга ўтар кечаси, соат 00:00)
Испания – Бельгия (11 июлдан 12 июлга ўтар кечаси, соат 02:00)
Аргентина – Швейцария (11 июлдан 12 июлга ўтар кечаси, соат 06:00).
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Сўнгги янгиликлар
Барчаси



