АҚШда “Arnold Sports Festival 2027” халқаро спорт фестивалида “Турон” ўзбек миллий яккакураши бўйича беллашувлар ўтказилади
Ноябрь 04, 2026. 11:00 • 2 дақ
• 260
НЬЮ-ЙОРК, 4 ноябрь. /“Дунё” АА/. 2027 йил март ойида Огайо штатининг Колумбус шаҳрида ўтказиладиган “Arnold Sports Festival 2027” халқаро спорт фестивали доирасида “Турон” ўзбек миллий яккакураши бўйича мусобақалар бўлиб ўтади, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.
“Турон”нинг АҚШдаги йирик спорт фестивалларидан бирининг дастурига киритилиши Ўзбекистоннинг миллий яккакураш турини халқаро спорт ҳамжамиятига намойиш этиш ва унинг хориждаги эътирофини янада кенгайтириш имконини беради.
Мусобақа Нью-Йоркда фаолият юритувчи “Турон” халқаро федерацияси томонидан Ўзбекистон Бош консулхонаси ва АҚШдаги ўзбек диаспораси вакиллари билан ҳамкорликда ташкил этилмоқда.
Ҳозирги вақтга келиб турнир низоми ишлаб чиқилган бўлиб, унда спортчиларнинг иштирок этиш шартлари, мусобақаларни ўтказиш тартиби, иштирокчиларга қўйиладиган талаблар ва асосий ташкилий масалалар белгилаб қўйилган.
Беллашувларда турли мамлакатлардан спортчилар ва спорт ташкилотлари вакиллари иштирок этиши кутилмоқда. Турнир нафақат энг кучли иштирокчиларни аниқлаш, балки хорижий жамоатчиликни анъанавий кураш усуллари ва халқимизнинг кўп асрлик спорт меросини ўзида мужассам этган ўзбек яккакураши билан яқиндан таништириш имконини ҳам беради.
Мусобақалар дастуридан ташқари, ташкилотчилар фестиваль меҳмонларини мамлакатимизнинг тарихий ва маданий мероси билан таништириш мақсадида Ўзбекистон миллий маданияти намуналарини ҳам намойиш этиш имкониятини кўриб чиқмоқда.
Айни пайтда Нью-Йоркдаги Бош консулхона, “Турон” халқаро федерацияси ва ўзбек диаспораси фаоллари фестиваль ташкилотчилари билан биргаликда тадбирга тайёргарлик кўриш ҳамда хорижий иштирокчиларни жалб этиш устида иш олиб бормоқда.
Бунда Ўзбекистоннинг иштироки фақат спорт мусобақаларини ўтказиш билан чекланиб қолмай, балки мамлакатимизни АҚШда янада кенгроқ танитиш майдонига айланишига алоҳида эътибор қаратилмоқда.
“Arnold Sports Festival” ҳар йили бутун дунёдан профессионал атлетлар, спорт ихлосмандлари ва турли спорт турлари вакилларини бирлаштиради. Арнольд Шварценеггер номи билан боғлиқ мазкур фестиваль вақт ўтиши билан бодибилдинг мусобақалари доирасидан чиқиб, йирик халқаро спорт тадбирига айланган.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Сўнгги янгиликлар
Барчаси