Синдаров–­­­Доммаражу: бугун жаҳон шахмат тожи учун тарихий беллашувнинг расмий очилиш маросими бўлиб ўтади

Ноябрь 22, 2026. 14:00 • 3 дақ

• 393
Синдаров–­­­Доммаражу: бугун жаҳон шахмат тожи учун тарихий беллашувнинг расмий очилиш маросими бўлиб ўтади
Синдаров–­­­Доммаражу: бугун жаҳон шахмат тожи учун тарихий беллашувнинг расмий очилиш маросими бўлиб ўтади

ТОШКЕНТ, 22 ноябрь. /“Дунё” АА/. Бугун Женева шаҳрида 2026 йилги мутлақ жаҳон шахмат чемпионлиги учун амалдаги жаҳон чемпиони, ҳиндистонлик Гукеш Доммаражу ҳамда ўзбекистонлик гроссмейстер Жавоҳир Синдаров ўртасидаги баҳснинг очилиш маросими бўлиб ўтади, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.

Мазкур мусобақа Ўзбекистон шахмати тарихидаги муҳим воқеа бўлиб, Жавоҳир Синдаров мамлакатимиздан жаҳон чемпиони унвони учун курашадиган биринчи шахматчи ҳисобланади.

FIDE дастурига кўра, чемпионлик беллашувлари 22 ноябрдан 13 декабрга қадар Швейцариянинг Женева шаҳридаги Мартин Бодмер жамғармаси музейида ўтказилади. Бугун расмий очилиш маросими бўлиб ўтса, биринчи партия 24 ноябрь куни Тошкент вақти билан соат 19:00 га белгиланган. Охирги классик партия 11 декабрь куни ўтказилади, зарур бўлса, 12 декабрь куни тай-брейк баҳслари бўлиб ўтади.

Жавоҳир Синдаров 2005 йилда Тошкентда туғилган. У шахмат ўрганишни тўрт ёшида бошлаган ва 2018 йилда гроссмейстер унвонини қўлга киритган. Унинг чемпионлик баҳсига йўлланма олишига 2025 йилда Ҳиндистонда ўтказилган Жаҳон кубогидаги ғалабаси ҳамда 2026 йилда Кипрда ташкил этилган FIDE Даъвогарлар турниридаги биринчи ўрни асос бўлди. Синдаров ушбу мусобақада 14 партиядан 10 очко тўплаб, бирор марта мағлубиятга учрамади ва ғолибликни бир тур қолганидаёқ таъминлади.

Унинг рақиби Гукеш Доммаражу эса 2024 йил декабрь ойида Сингапурда хитойлик Дин Лижэнни 7,5:6,5 ҳисобида мағлуб этиб, шахмат тарихидаги 18-жаҳон чемпионига айланган. Ўша пайтда у 18 ёшда эди. Мазкур учрашувда Гукеш ўз чемпионлик унвонини илк бор ҳимоя қилади.

Қизиғи шундаки, ҳар икки шахматчи ҳам ўйинлар бошланганда 20 ёшда бўлади. Шу боис FIDE ушбу баҳсни шахмат тарихидаги энг ёш жаҳон чемпионлиги матчи сифатида қайд этмоқда.

Чемпионлик мусобақаси кўпи билан 14 та классик партиядан иборат бўлади. Ҳар бир ғалаба учун бир очко, дуранг учун ярим очко берилади. 7,5 очко тўплаган шахматчи жаҳон чемпиони бўлади. Агар 14 партиядан кейин ҳисоб 7:7 бўлса, ғолиб тай-брейк орқали аниқланади. Унда дастлаб 15 дақиқалик назорат ва ҳар бир юриш учун 10 сония қўшимча вақт билан тўртта партия ўйналади. Зарур бўлса, қисқароқ вақт назоратидаги рапид ва блиц партияларига ўтилади.

Матчнинг умумий мукофот жамғармаси 2,5 миллион АҚШ долларини ташкил этади. Ғолиб 1,3 миллион, иккинчи ўрин соҳиби эса 1,2 миллион доллар олади. Ҳар бир ғалаба учун шахматчига қўшимча 200 минг доллар ажратилади.

Женевадаги учрашув нафақат икки ёш гроссмейстернинг жаҳон чемпионлиги учун кураши, балки Ўзбекистон шахмати учун ҳам тарихий синов бўлади. Жавоҳир Синдаров мамлакатимизга илк бор мутлақ жаҳон чемпиони унвонини олиб келиш имконияти учун баҳсга киришади.

Default Avatar

Материал муаллифи

Ҳасан Мўминов

muminov@dunyo.uz

Telegram каналига обуна бўлинг

Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!

Каналга ўтиш