Сиднейда Ўзбекистон аёллар миллий терма жамоаси ватандошлар томонидан тантанали кутиб олинди
Февраль 20, 2026. 17:51 • 2 дақ
• 115
СИДНЕЙ, 20 февраль. /“Дунё” АА/. Ўзбекистон аёллар миллий терма жамоаси футбол бўйича Осиё кубоги финал босқичида иштирок этиш учун Австралияга етиб келди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.
Сидней халқаро аэропортида спортчиларимизни Австралияда истиқомат қилаётган ватандошларимиз тантанали кутиб олди. Ўзбек диаспораси вакиллари терма жамоамиз аъзоларини самимий қўллаб-қувватлаб, мусобақада муваффақиятли иштирок этишини тилади.
Аёллар ўртасидаги Осиё Кубоги ўйинлари 1–21 март кунлари Австралияда бўлиб ўтади. Аҳамиятлиси, ушбу мусобақа 2027 йилда Бразилияда ўтказиладиган FIFA аёллар ўртасидаги Жаҳон чемпионати учун Осиё минтақасидаги якуний саралаш босқичи вазифасини бажаради. Шу билан бирга, бу Жаҳон чемпионати саралаши Осиё Кубоги билан боғланган сўнгги мусобақа бўлади. 2031 йилдан бошлаб FIFA аёллар ўртасидаги Жаҳон чемпионати учун алоҳида саралаш турнири ўтказилиши режалаштирилган.
Бундан ташқари, тарихда илк бор ушбу мусобақа 2028 йил Лос-Анжелесда бўлиб ўтадиган Ёзги Олимпия ўйинлари учун Осиё саралашининг дастлабки босқичи сифатида ҳам хизмат қилади. Турнирнинг чорак финалига чиққан саккиз жамоа 2028 йилги Олимпия ўйинлари саралаш турнирига йўлланма олади.
2026 йилги аёллар ўртасидаги Осиё Кубогида иштирок этувчи 12 та терма жамоа 3 та гуруҳга бўлинган ҳолда баҳс олиб боради. Гуруҳларда дастлабки икки ўринни эгаллаган жамоалар ҳамда энг яхши кўрсаткич қайд этган икки нафар учинчи ўрин соҳиби чорак финалга йўл олади.
“В” гуруҳидан жой олди вакилларимиз мусобақанинг кейинги босқичига чиқиш учун Хитой, Шимолий Корея ва Бангладеш терма жамоалари билан куч синашади.
Эслатиб ўтамиз: 2029 йилда футбол бўйича аёллар ўртасидаги Осиё кубоги Ўзбекистонда ўтказилади.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Барчаси
