Бухорода халқаро улоқ-кўпкари турнири ғолиблари тақдирланди
Март 31, 2026. 19:28 • 2 дақ
• 102
ТОШКЕНТ, 31 март. /“Дунё” АА/. 27–29 март кунлари Бухоро вилоятида улоқ-кўпкари бўйича халқаро турнир бўлиб ўтди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.
Ушбу мусобақанинг ташкил этилиши ҳақида аввал ҳам хабар берилган эди. Мазкур жамоавий беллашув Бухоро туманида жойлашган Миллий гвардияга қарашли “Чавандозлар мактаби”да ўтказилди.
Йилдан йилга нуфузи ортиб бораётган ушбу турнир бу йил ҳам юқори савияда ташкил этилди. Халқаро мусобақада Россия, Хитой, Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон ва Ўзбекистондан иккита жамоа иштирок этди.
Мусобақа олдинги йилларга нисбатан анча шиддатли ва қизиқарли кечди. Ҳар бир беллашув муросасиз баҳсларга бой бўлди. Якуний натижаларга кўра, Қозоғистон ва Қирғизистон жамоалари финалга йўл олди. Ўзбекистоннинг икки жамоаси эса учинчи ўрин учун ўзаро беллашди.
Шундай қилиб, 5-халқаро жамоавий улоқ-кўпкари турнири ғолиблиги Қозоғистон жамоасига насиб этди. Қирғизистон жамоаси иккинчи ўринни, Ўзбекистон терма жамоалари эса учинчи ўринни қўлга киритди.
Тантанали тақдирлаш маросимида ташкилотчилар томонидан ғолиб ва совриндорларга 100, 75 ва 50 миллион сўмлик ваучерлар, диплом ва медаллар топширилди.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Барчаси