Logo

ЖЧ-2026 янгиликлари: Ўзбекистоннинг гуруҳ босқичидаги учинчи рақиби аниқланди, Эрон АҚШдаги турнир ўйинларида иштирок этади, Мексика ташкилотчи мақомини сақлаб қолади

Апрель 01, 2026. 10:26 • 3 дақ

95
ЖЧ-2026 янгиликлари: Ўзбекистоннинг гуруҳ босқичидаги учинчи рақиби аниқланди, Эрон АҚШдаги турнир ўйинларида иштирок этади, Мексика ташкилотчи мақомини сақлаб қолади

ТОШКЕНТ, 1 апрель. /“Дунё” АА/. ФИФА президенти Жанни Инфантино Эрон терма жамоаси ёзда бўлиб ўтадиган жаҳон чемпионатида иштирок этиши, унинг ўйинлари жадвалга мувофиқ АҚШда ўтказилишини маълум қилди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири ESPN телеканалига таяниб.

Эслатиб ўтамиз, мусобақанинг асосий турнири 11 июнь куни старт олади ва АҚШ, Канада ва Мексикада бўлиб ўтади. Эрон терма жамоаси 15 ва 21 июнь кунлари Лос-Анжелесда Янги Зеландия ва Бельгия терма жамоалари билан учрашиши керак эди. Шу билан бирга, АҚШ ва Исроилнинг Эрон билан уруши туфайли жамоанинг ЖЧ-2026 иштироки бўйича турли гап-сўзлар чиққан эди. Шундан сўнг, Эрон Футбол Федерацияси (FFIRI) ФИФА билан ўйинларни АҚШдан Мексикага кўчириш бўйича музокаралар олиб борди.

“Эрон жаҳон чемпионатида иштирок этади. Биз хурсандмиз, чунки бу жуда кучли жамоа. Мен жуда бахтлиман. Ўйинлар қуръага кўра ўтказилиши керак бўлган жойда бўлиб ўтади”, дея Жанни Инфантинонинг сўзларидан иқтибос келтирилган материалда.

Шунингдек, ФИФА раҳбари “Эроннинг ўйнашини истаймиз ва улар жаҳон чемпионатида ўйнашади. Биз мураккаб геосиёсий вазиятда яшаяпмиз, лекин бизнинг вазифамиз – бирлаштириш. Эрон энг яхши шароитларда ўйнаши учун ҳаракат қиламиз”, дея фикр билдирган.

Ўз навбатида, FFIRI вице-президенти Меҳди Муҳаммад Наби “Биз учун энг муҳими ФИФА қоидалари ва тартиблари. Биз унинг барча қарорларини бажарамиз. Бизда муҳим ва самарали мунозаралар бўлиб ўтди. Жаноб Инфантино терма жамоамизга керакли ёрдамни кўрсатмоқда ва футболчиларга қўшимча ишонч бағишлади” дея ўз мулоҳазаларини баён этган.

Эслатиб ўтамиз, март ойида АҚШ президенти Дональд Трамп ижтимоий тармоқларда Эрон “жаҳон чемпионатида хурсанд бўлишини” айтган, бироқ жамоа “ўз хавфсизлиги учун” иштирок этмаслиги керак, деган фикрни ҳам билдирганди.

Жанни Инфантино мамлакатдаги энг йирик картеллардан бирининг раҳбари ўлдирилганидан кейин юзага келган тартибсизликлар туфайли ўйинлар хавфсизлигидан хавотирга қарамай, Мексика “жаҳон чемпионатини муваффақиятли ўтказишига” яна бир бор ишонч билдирди.

Бу орада Ўзбекистон терма жамоасининг гуруҳ босқичидаги учинчи рақиби ҳам маълум бўлди. У Мексикада бўлиб ўтган қитъалараро плей-оффда Ямайка терма жамоасини 1:0 ҳисобида мағлуб этиб, жаҳон чемпионатига йўлланма олган Конго Демократик Республикаси жамоаси бўлди.

Энди Ўзбекистон терма жамоасининг ЖЧ-2026 гуруҳ босқичидаги тўлиқ тақвими қуйидагича кўриниш олди (вақт – Тошкент вақти):

• 1-тур

18 июнь, 07:00

“Ацтека” стадиони, Мехико (Мексика)

Ўзбекистон – Колумбия

• 2-тур

23 июнь, 22:00

“NRG” стадиони, Хьюстон (АҚШ)

Португалия – Ўзбекистон

• 3-тур

28 июнь, 04:30

“Mercedes-Benz” стадиони, Атланта (АҚШ)

Конго ДР – Ўзбекистон

“AFP” агентлиги сурати

Default Avatar

Материал муаллифи

Ҳасан Мўминов

muminov@dunyo.uz

Telegram каналига обуна бўлинг

Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!

Каналга ўтиш