Ўзбекистон ­– 46-Бутунжаҳон шахмат олимпиадаси чемпиони!

Сентябрь 28, 2026. 10:30 • 4 дақ

• 320
Ўзбекистон ­– 46-Бутунжаҳон шахмат олимпиадаси чемпиони!
Ўзбекистон ­– 46-Бутунжаҳон шахмат олимпиадаси чемпиони!
Ўзбекистон ­– 46-Бутунжаҳон шахмат олимпиадаси чемпиони!
Ўзбекистон ­– 46-Бутунжаҳон шахмат олимпиадаси чемпиони!
Ўзбекистон ­– 46-Бутунжаҳон шахмат олимпиадаси чемпиони!
Ўзбекистон ­– 46-Бутунжаҳон шахмат олимпиадаси чемпиони!
Ўзбекистон ­– 46-Бутунжаҳон шахмат олимпиадаси чемпиони!
Ўзбекистон ­– 46-Бутунжаҳон шахмат олимпиадаси чемпиони!
Ўзбекистон ­– 46-Бутунжаҳон шахмат олимпиадаси чемпиони!

САМАРҚАНД, 28 сентябрь. /“Дунё” АА/. Мамлакатимиз шахмати тарихида яна бир ёрқин саҳифа очилди: Ўзбекистон эркаклар терма жамоаси 46-Бутунжаҳон шахмат олимпиадаси чемпиони бўлди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.

Ўзбекистон-1 жамоаси 11 турда 20 очко тўплаб, олимпиаданинг очиқ турнирида олтин медални қўлга киритган ҳолда “Ҳамилтон–Рассел” кубоги соҳиби бўлди.

“Дунё шахмат осмонида ёрқин юлдуз бўлиб порлаган сиз, азиз фарзандларимни 46-Жаҳон шахмат олимпиадасида эришган тарихий ғалабангиз билан чин қалбимдан табриклайман. Икки карра олимпиада чемпиони деган юксак шарафли унвон, буюк зафар барчамизга, кўпмиллатли халқимизга муборак бўлсин”, - дея давлатимиз раҳбари шахмат бўйича Ўзбекистон терма жамоаси аъзоларига ўз табригини йўллади.

“Мана шу ғоят ҳаяжонли онларда 200 дан зиёд мамлакатдан 2 мингга яқин энг кучли ва машҳур гроссмейстерлар, номдор жамоалар иштирок этган муросасиз беллашувларда кўрсатган ақл-заковатингиз, юксак иродангиз, маҳорат ва жасоратингиз учун бутун эл-юртимиз, дунё шахмат жамоатчилиги сизларга тасаннолар айтмоқда”, деди Президентимиз ўз табригида.

Ҳал қилувчи 11-турда Нодирбек Абдусатторов, Жавоҳир Синдоров, Нодирбек Ёқуббоев, Муҳиддин Мадаминов ва Шамсиддин Воҳидовдан иборат Ўзбекистон-1 жамоаси Украина терма жамоасини 2,5:1,5 ҳисобида мағлуб этди.

Мусобақада Ҳиндистон 18 очко билан кумуш медаль, Германия эса 18 очко билан бронза медални қўлга киритди.

Чемпионлик йўли осон кечмади. Ўзбекистон шахматчилари чемпионлик сари йўлда кучли рақиблар билан муросасиз баҳслар олиб борди. Ҳал қилувчи баҳсларда Ҳиндистон 2,5:1,5, Хитой эса 3:1 ҳисобида мағлуб этилди.

8-турда Германияга қарши баҳсда очко йўқотилган бўлса-да, шахматчиларимиз кейинги турларда яна ғалабали серияни давом эттирди. 9-турда АҚШ жамоаси устидан ғалаба қозонилди, 10-турда эса Арманистон 3,5:0,5 ҳисобида мағлуб этилди. Сўнгги турда Украина устидан қўлга киритилган ғалаба эса чемпионликка йўл очди.

Самарқанд олимпиадасида ўзбекистонлик шахматчилар нафақат жамоавий, балки шахсий натижалар билан ҳам ажралиб турди. Нодирбек Абдусатторов биринчи тахтада олтин медаль, Жавоҳир Синдоров иккинчи тахтада бронза, Нодирбек Ёқуббоев эса учинчи тахтада кумуш медалга сазовор бўлди. Жавоҳир Синдоров олимпиаданинг “Энг яхши эркак шахматчи” номинациясида ғолиб деб топилди.

Алоҳида тахталарда Асроржон Омонов ҳам етакчилар қаторида қайд этилди. Абдумалик Абдусалимов, Муҳаммадзоҳид Суяров, Афруза Ҳамдамова, Умида Омонова, Нилуфар Имомқўзиева ва Гулдона Каримованинг ҳам ўз тахталарида кучли ўнликдан жой олиши Ўзбекистонда шахматнинг янги авлоди шаклланаётганини кўрсатди.

Самарқанддаги 46-Бутунжаҳон шахмат олимпиадаси иштирокчилар сони бўйича ФИДЕ тарихидаги энг йирик мусобақалардан бири бўлди. Унда 200 дан ортиқ давлатдан 394 та жамоа — очиқ турнирда 205 та, аёллар мусобақасида 189 та жамоа қатнашди.

Олимпиада доирасида илк бор ФИДЕ шахмат паралимпиадаси ҳам асосий олимпиада билан бир вақтда ва бир жойда ўтказилди. Унда 36 давлатдан 41 жамоа, 164 нафар шахматчи иштирок этди. Ўзбекистон парашахматчилари бронза медалини қўлга киритди.

Аёллар мусобақасида Хитой жамоаси 20 очко билан чемпион бўлди. Қозоғистон иккинчи, Ҳиндистон эса учинчи ўринни эгаллади.

Самарқандда ФИДЕ Конгресси ҳам ўтказилиб, қозоғистонлик тадбиркор Тимур Турлов федерация президенти этиб сайланди. Шунингдек, Ўзбекистон шахмат федерацияси 2026 йилда ФИДЕнинг “Энг яхши федерация” номинацияси ғолиби бўлди. Таниқли гроссмейстер Рустам Қосимжонов ФИДЕнинг фахрий вице-президенти, Ҳулкар Тоҳиржонова эса Марказий Осиё давлатлари бўйича минтақавий президент этиб сайланди.

Самарқанд олимпиадасидаги ғалаба Ўзбекистон шахматининг сўнгги йиллардаги изчил ривожланиши самараларидан бири бўлди. 2022 йилда Ченнайдаги чемпионлик, 2024 йилда Будапештдаги бронза медалидан кейин 2026 йилда ўз юртида яна чемпионлик қўлга киритилиши терма жамоамизнинг халқаро майдондаги барқарор натижаларини намоён этди.

Энг муҳими, бу муваффақият бир неча нафар кучли шахматчининг натижаси билан чекланиб қолмаяпти. Самарқандда ёш шахматчиларнинг ҳам юқори натижалар кўрсатгани мамлакатда шахмат мактаби тобора кенгайиб бораётганидан далолат берди.

Олимпиаданинг ёпилиш маросимида ФИДЕ байроғи 2028 йилги 47-Бутунжаҳон шахмат олимпиадаси мезбони — Бирлашган Араб Амирликлари вакилларига топширилди. ФИДЕ президенти Тимур Турлов Самарқанддаги тадбирлар юқори савияда ўтказилганини таъкидлаб, Ўзбекистон шахмат федерациясига ФИДЕнинг “Шон-шараф” медалини топширди.

Самарқанддаги тарихий ғалаба Ўзбекистон шахматининг бугунги салоҳиятини намоён этиш билан бирга, келажак чемпионлар учун ҳам мустаҳкам замин яратди. Ўзбекистон терма жамоасининг олтин медали мамлакат шахматида янги, юксак натижалар даври давом этаётганини кўрсатган муҳим воқеа бўлди.

Default Avatar

Материал муаллифи

Ҳасан Мўминов

muminov@dunyo.uz

Telegram каналига обуна бўлинг

Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!

Каналга ўтиш