Самарқандда шахмат олимпиадаси қизғин паллага кирди
Сентябрь 20, 2026. 12:30 • 2 дақ
• 155САМАРҚАНД, 20 сентябрь. /“Дунё” АА/. Мамлакатимизда бўлиб ўтаётган 46-Бутунжаҳон шахмат олимпиадасининг 4-тур баҳслари якунланди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.
Ўзбекистон-1 эркаклар терма жамоаси турнинг марказий учрашувларидан бирида Туркияни 2,5:1,5 ҳисобида мағлуб этди.
Нодирбек Ёқуббоев туркиялик Вахап Шанал устидан ғалаба қозонган бўлса, Нодирбек Абдусатторов, Жавоҳир Синдоров ва Шамсиддин Воҳидов баҳсларни дуранг билан якунлади. Ўзбекистон-2 жамоаси Янги Зеландияни 2,5:1,5, Ўзбекистон-3 эса Яманни 3,5:0,5 ҳисобида енгди.
4-турдан сўнг Ўзбекистон-1 билан бир қаторда Хитой, Арманистон, АҚШ, Ҳиндистон, Нидерландия ва Венгрия жамоалари ҳам 100 фоизлик натижа қайд этмоқда. Ўзбекистон-2 ва Ўзбекистон-3 жамоалари ҳам 6 очкодан жамғарган жамоалар сафида.
Аёллар баҳсида Ўзбекистон-1 Аргентина терма жамоасини 3:1 ҳисобида енгди. Ўзбекистон-2 Қирғизистонга 1:3 ҳисобида имкониятни бой берган бўлса, Ўзбекистон-3 Куба жамоасига 1,5:2,5 ҳисобида мағлуб бўлди.
Бугунги 5-турда Ўзбекистон-1 эркаклар жамоаси Венгрия, Ўзбекистон-2 Филиппин, Ўзбекистон-3 Австрия билан куч синашади. Аёллар баҳсида эса Ўзбекистон-1 АҚШ, Ўзбекистон-2 Тунис, Ўзбекистон-3 Мадагаскар жамоаларига қарши майдонга тушади.
400 нафар эркаклар ва аёллар жамоалари қатнашаётган 46-Бутунжаҳон шахмат олимпиадаси ўйинлари 11 та турдан иборат бўлиб, мусобақалар 27 сентябрга қадар давом этади.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Сўнгги янгиликлар
Барчаси





