Доҳада Африка мамлакатлари элчилари Ўзбекистоннинг мустақиллик йилларидаги ютуқлари билан танишдилар
Сентябрь 06, 2026. 19:30 • 2 дақ
• 50
ДОҲА, 6 сентябрь. / “Дунё” АА/. Мамлакатимизнинг Қатардаги элчихонасида Ўзбекистоннинг мустақиллик йилларида эришган ютуқлари ва амалга оширилган кенг кўламли ўзгаришларга бағишланган тақдимот бўлиб ўтди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.
Тадбирда Африка қитъаси давлатлари, жумладан, Жанубий Африка Республикаси, Эфиопия, Нигерия, Танзания, Ангола, Жибути, Руанда, Кения ва бошқа мамлакатларнинг дипломатик ваколатхоналари раҳбарлари ҳамда ходимлари иштирок этдилар.
Тақдимот давомида қатнашчилар Президент Шавкат Мирзиёев раҳбарлигида амалга оширилаётган ислоҳотлар натижалари билан таништирилди. Изчил ўзгаришлар давлат ва жамият ҳаётининг барча муҳим соҳаларини қамраб олиб, барқарор иқтисодий ўсиш учун мустаҳкам замин яратгани таъкидланди.
Сўнгги йилларда Ўзбекистон иқтисодиёти 3 баробар, аҳоли жон бошига ЯИМ 27 фоизга, йиллик хорижий инвестициялар оқими 7 баробар, ташқи савдо ҳажми эса 5 баробар ортди. Мамлакат электр станциялари қуввати 50 фоизга кўпайди. Шу билан бирга, камбағаллик даражаси 2017 йилдаги 35 фоиздан 2026 йилда 4 фоизгача қисқарди.
Ижтимоий ўзгаришларга ҳам алоҳида эътибор қаратилди. Дипломатларга Ўзбекистоннинг таълим, соғлиқни сақлаш, спорт, маданият ва санъат соҳаларидаги ютуқларини акс эттирувчи видеоматериаллар намойиш этилди. Мустақиллик йилларида халқимиз нафақат ижтимоий-иқтисодий муваффақиятларга эришгани, балки тарихий хотираси, миллий ўзлиги ва маънавий қадриятларини тиклагани алоҳида қайд этилди.
Тадбир иштирокчилари замонавий Ўзбекистоннинг жадал ривожланишини юқори баҳолаб, Африка давлатлари билан ўзаро манфаатли ҳамкорликни янада мустаҳкамлашдан манфаатдор эканликларини билдирдилар. Анжуман якунида меҳмонлар учун ўзбек миллий таомлари тортиқ этилиб, мамлакатимизнинг бой маданий ва гастрономик мероси намойиш этилди.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Сўнгги янгиликлар
Барчаси