“The Japan Times” газетаси: Ўзбекистон Япония билан стратегик шерикликнинг янги векторини белгилаб олди
Сентябрь 06, 2026. 14:30 • 2 дақ
• 132
ТОКИО, 6 сентябрь. /“Дунё” АА/. Япониянинг машҳур “The Japan Times” газетасида Ўзбекистон элчиси Муҳсинхўжа Абдураҳмоновнинг “Мустақиллик ва ҳамжиҳатликнинг 35 йиллиги” сарлавҳали мақоласи чоп этилди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.
Нашрда Президент Шавкат Мирзиёев раҳбарлигида Ўзбекистонда амалга оширилаётган ислоҳотлар барқарор иқтисодий ўсишни таъминлагани алоҳида таъкидланади. 2025 йилда мамлакат ЯИМ 7,7 фоизга ўсиб, 145 миллиард доллардан ошди, олтин-валюта захиралари эса илк бор 60 миллиард долларлик маррани забт этди. Ўзлаштирилган инвестициялар ҳажми 43,1 миллиард долларни ташкил этди, сайёҳлар оқими эса 12 миллион кишига етди.
Мақолада давлатимиз раҳбарининг 2025 йил декабрь ойида Японияга амалга оширган расмий ташрифи ва “Марказий Осиё + Япония” биринчи саммити якунларига алоҳида урғу берилган. Кенгайтирилган стратегик шериклик тўғрисидаги Қўшма баёнот ҳамда 100 га яқин иқтисодий келишувларнинг имзоланиши ҳамкорликни сифат жиҳатидан янги босқичга олиб чиқди. Япония бизнес ҳамжамияти билан биргаликдаги қўшма лойиҳалар портфели 12 миллиард доллардан ошди, товар айланмаси эса 383 миллион долларга етди.
Мақола якунида маданий-гуманитар алоқалар, ҳудудлараро шериклик ҳамда 2027 йилда икки мамлакат ўртасида дипломатик муносабатлар ўрнатилганининг 35 йиллигига тайёргарлик кўриш жараёни фаол амалга оширилаётгани қайд этилган.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Сўнгги янгиликлар
Барчаси