Су Чан: Ўзбекистон бундан буён ҳам Марказий Осиёнинг муҳим маданий ва иқтисодий марказларидан бири сифатида намоён бўлади
Август 07, 2026. 14:00 • 2 дақ
• 174
ПЕКИН, 7 август. /“Дунё” АА/. Хитой ижтимоий фанлар академиясининг Россия, Шарқий Европа ва Марказий Осиё институти етакчи илмий ходими Су Чан Ўзбекистон Мустақиллигининг 35 йиллиги арафасида “Дунё” АА орқали юртдошларимизга ўзининг самимий табриги ва эзгу тилакларини йўллади:
– Яқинда Ўзбекистон ва Афғонистон чегарасидаги Термиз шаҳрида бўлдим. У ерда логистика маркази, Ўзбекистон томонидан афғон аҳолиси учун қурилган шифохона, ёшлар учун касб-ҳунар маркази ва бошқа объектлар жойлашган эркин савдо зонасини кўздан кечирдим.
Бу ерда кўплаб савдо шохобчалари ва тамаддихоналар фаолият юритмоқда. Бундай муҳит Ўзбекистоннинг Афғонистонда тинчлик ўрнатишга муҳим ҳисса қўшаётганини ифодалайди.
Мамлакатнинг ички барқарорликни сақлаш борасидаги кенг кўламли саъй-ҳаракатларига гувоҳ бўлдим. Афғонистон билан чегарадош Термиз шаҳри бутунлай хавфсиз. Кўплаб афғон савдогарлари эркин савдо зонаси ҳудудида бемалол ҳаракатланиши мумкин.
Ишончим комилки, Ўзбекистон келажакда Афғонистонда тинчлик ва барқарор тараққиётни таъминлашда, бутун Марказий Осиё минтақасининг хавфсизлиги ва барқарорлигини мустаҳкамлашда янада муҳим аҳамият касб этади.
Ўзбекистон қишлоқларининг ниҳоятда тез суръатлар билан ривожланаётганини пайқадим – бу ердаги ўзгаришлар кишини ҳайратга солади ва бундай натижага эришиш жуда мушкул эди.
Сўнгги йилларда Хитой–Ўзбекистон муносабатлари барча йўналишларда ҳар томонлама ва жадал ривожланмоқда. Ишонаманки, келажакда икки томонлама ҳамкорлик учун янада кенг истиқболлар очилади.
Президент Шавкат Мирзиёев раҳбарлигида мамлакат бундан буён ҳам узлуксиз равнақ топиб, ўзининг тўлиқ салоҳиятини рўёбга чиқарган ҳолда Марказий Осиёнинг энг муҳим маданий ва иқтисодий маркази сифатида намоён бўлади.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Сўнгги янгиликлар
Барчаси